23 март куни Туркияда суд Истанбул шаҳри мэри Экрем Имамоғлуни коррупция терговининг бир қисми сифатида қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд қарорига кўра, коррупцияда айбланаётган Имамоғлу иш бўйича суд жараёни тугагунига қадар қамоқда сақланади, деб ёзмоқда CNN Türk.
«Бу қарор бизнинг суд тизимимиз учун шармандаликдир», — деди Анқара мэри Мансур Яваш вазиятга муносабат билдириб.
Терговда 100 нафар гумонланувчига нисбатан жиноий уюшмани бошқариш, унга аъзолик, коррупция, порахўрлик, фирибгарлик, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ва кимошди савдосига коррупциявий аралашув каби айбловлар қўйилган
22 март куни Истанбул ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтган норозилик намойишларида, мамлакат ички ишлар вазири Али Ерликая маълумотига кўра, 323 киши қўлга олинган. Полиция яна сув пуркагич ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди.
Шунингдек, бугун мухолифатдаги Республика-халқ партияси (Cumhuriyet Halk Partisi, CHP) президентлик учун ўз номзодини кўрсатиш учун дастлабки сайлов бўлиб ўтмоқда. Унда ягона номзод Экрем Имамоғлуга овоз берилмоқда.
Экрем Имамоғлу 2019 йилдан буён Истанбулни бошқариб келмоқда. Биринчи марта Туркия Марказий сайлов комиссияси унинг ғалабасини бекор қилди, аммо такрорий сайловда у янада катта фарқ билан ғалаба қозонди. 2024 йилда Имамоғлу бу лавозимга қайта сайланди. Имамоғлу навбатдаги сайловда Эрдоған учун потенциал рақиб сифатида кўрилади.
- 19 март куни эрталаб Туркия полицияси Экрем Имамоғлу ва яна 100 га яқин кишини, жумладан, Истанбул маъмуриятининг юқори мартабали ходимларини ҳибсга олди. Шундан бери юз минглаб турклар асосан тинч намойишларда кўчаларга чиқмоқда.
- Шунингдек, Истанбул университети Имамоғлунинг 1990 йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан унинг бизнес бошқаруви факультетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликларни сабаб қилиб кўрсатиб, дипломни бекор қилди. Бу кўпчилик томонидан мухолифатчи мэрнинг навбатдаги президентлик пойгасида иштирок этишига тўсқинлик қилиш учун сиёсий сабаб сифатида қабул қилинди.
- Туркиядаги вазият туфайли Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакат фуқароларини эҳтиёткорликка чақирди. Провокацион постлар жойлаштирмаслик, норозилик намойишлари ва митинглардан узоқроқ бўлиш, одам гавжум жойларга бормаслик шулар жумласидан.
- Эрдоған намойишларга муносабат билдирар экан, шундай деди: «Жамоат тартиби бузилишига йўл қўймаймиз. Биз вандализм ёки кўча терроризмига берилмаймиз. Туркия кўчада топилган давлат эмас».