• Чт. Май 1st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда 24−30 март кунлари об-ҳаво қандай бўлади? «Dunyouzbeklari.Com» шарҳи


Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда жорий ҳафтанинг иш кунлари ўта намгарчил ва салқин бўлиши кутилмоқда. Айниқса, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мавжуд катта экин майдонлари ҳамда аҳолиси зич истиқомат қилувчи вилоятларда шу даврга хос ёғин меъёридан кўпроқ ёғингарчилик тушиши мумкин. Шу билан бир қаторда, ўзбек об-ҳаво бюро томонидан, жорий ҳафта бошларида баланд тоғларда қор кўчки ҳодисалари ва ҳафтанинг иш кунларида тоғ-тоғ этакларида гоҳ тинимсиз, гоҳ жадал ёғингарчиликлар ортидан сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши прогноз қилинган. Ҳафта ўрталарида кўплаб жойларда ёғинлар қор кўринишида ёғиши, ҳарорат тунги ва тонги муддатларда ноль даражагача пасайиши ҳам тахмин қилинмоқда.

Сунъий йўлдош тасвирларидан ҳам кўриш мумкинки, республика ҳудудлари ҳафта бошларида Каспий денгизидан кириб келаётган кенг масштабли ғарбий нам ҳаво оқимлари таъсирида бўлади.

Манба: NASA

Ҳафтанинг иш кунлари Қозоғистон шимолий ҳудудларида марказида атмосфера босими 1035 гПа гача бўлган антициклоннинг «блогланиши» Ўзбекистонга Туркманистон ҳудудларидан бир нечта жанубий циклонал жараёнлар «чиқиб келишини» кафолатлайди. Бу республиканинг жануб, марказий ва шарқий вилоятларига жуда ҳам кўп ёғингарчиликлар улашиши мумкинлигини англатади. Республика аҳолиси ҳафтанинг иш кунлари ўтган ҳафтадаги +25…+30 даражалик иссиқ кунлар ортидан +10…+15 даражалик салқин баҳорий кунларга гувоҳи бўладилар. Ҳафта ўрталарида ҳароратнинг сезиларли пасайиши, ҳудудларда тупроқ ва ҳавода «совуқ уриш» ҳодисаларини келтириб чиқариши мумкин.

Умуман олганда, ҳафта об-ҳавоси асосан циклонал жараёнлар сабаб соғлиқни сақлаш сектори ва тинимсиз ва жадал ёғинлар ортидан эҳтимолий шаҳарларда сув босиши, тоғ ва тоғ этакларида сел-сув тошқин ҳодисалари туфайли фавқулодда вазиятлар тармоғига юкламани келтириб чиқариши мумкин. Қишлоқ хўжалиги экин далалари учун юқори намгарчилик фойдали бўлсада, турли жадалликдаги ёғинлар боғдорчилик йўналишига муаммолар келтириб чиқариши эхтимоли юқори.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

«Ўзгидромет»прогнозига кўра, 24 март куни республика бўйлаб барча вилоятларда ёғингарчилик кутилади. Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ҳудудларидан ташқари бошқа вилоятларда сутканинг маълум бир муддатларида кучли ёғингарчиликлар бўлиши мумкин. Сурхондарё ва водий вилоятларида кундуз куни ҳарорат +15…+20 даража, бошқа вилоятларда ҳарорат максимумлари +15…+17 даражагача, тунда эса Сурхондарёда +13…+18 даража, водий ва кўплаб бошқа вилоятларда +10…+15 даража, шимолда +5…+10 даража илиқ бўлади. Айрим вилоятларда шамол тезлиги сониясига 20 метргача кучаяди. Тоғларда кундуз ва кечаси +7…+12 даражали деярли бир хил ҳарорат кутилмалари эълон қилиниб, бу пайтда табиийки, ёғинлар тоғларда (баланд тоғликларидан ташқари) ҳам ёмғир кўринишида ёғади.

Синоптиклар 25−27 март кунлари Ўзбекистон бўйлаб ҳароратнинг душанба кунига нисбатан 2−4 даражага пасайишини маълум қилган. 25 март куни худдики душанба кунидаги каби республика бўйлаб ёғингарчилик кутилади. Ёғинлар жануб, водий ва Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятларида кучли бўлиши мумкин. 26−27 март кунлари шимол ва Бухоро-Навоий вилоятларидан ташқари бошқа вилоятларда ёғингарчилик бўлиши сақланади.

26−27 март кунлари тунда ва тонгда кўплаб вилоятларда ҳаво ҳарорати ноль даражагача пасайиши прогноз қилинган. Ушбу кунлари табиийки, ёғинлар жойларга қор кўринишида ёғиши мумкин. Тоғлар, шимол ва айрим тоғ этакларида ҳарорат ноль даражадан бироз пасайиш кутилмалари ҳам бор.

Жума-якшанба кунлари республика бўйлаб ҳароратнинг тунда ҳам, кундуз куни ҳам аста-секин кўтарилиб бориши кутилади. Жума кунлари айрим вилоятларда ёғингарчилик кутилса, шанба-якшанба кунлари ҳудудларда юқори эҳтимол ёғингарчилик кутилмайди.

Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

Маълумот учун, Европа қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогноз маълумотларига кўра, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Тошкент ва Наманган вилояти баъзи ҳудудлардида ҳафта давомида умумий 50−100 мм гача ёғингарчилик тушиши мумкин (картада қизил рангда тасвирланган ҳудудлар).

Манба: ECMWF Манба: ECMWF

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (24−30 март кунлари) давомида республика бўйлаб ҳарорат фони шу давр учун хос иқлимий меъёрдан 1−3 даража паст яъни «совуқ» бўлиши кўрсатилган. Ёғингарчилик бўйича жорий ҳафта анча намгарчиликка бой ўтиши ойдинлашмоқда. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Тошкент вилояти ҳудудларида эса жуда юқори намгарчилик бўлиши тахмин қилинган. Шимолда ҳафта давомида меъёр ва ундан кам ёғингарчилик кутилмалари эълон қилинмоқда.

Шундай қилиб, республика аҳолиси ҳафта давомида ҳароратнинг сезиларли пасайиш фонида кўплаб ҳудудларда юқори намгарчиликка бой кунлар гувоҳига айланадилар.

Бундай иқлим республиканинг катта қисмидаги қишлоқ хўжалигига маҳсулотларини совуқ уришига олиб келмасада, айрим ҳудудлар бундан мустасно. Жорий ҳафтанинг иш куни айниқса, душанба ва сешанба кунлари ҳудудларда сув босиш, сел-сув тошқин ҳодисаларини олдини олишда фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва у билан бундай пайтда ҳамкорликда ишларни ташкил этувчи куч тузилмалари бир ёқадан бош чиқариб, режали ҳаракатларни амалга оширишлари керак бўлади.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ўзбекистоннинг аксар аҳолиси ҳафтанинг иш кунлари нам ҳаво оқимлари муҳити таъсирида бўладилар. Бу сафарги жанубий циклонал жараёнлар таъсири айнан шу омилдан азият чекувчилар учун сезиларли таъсирга эга бўлади. Ҳар эҳтимолга қарши, циклонал таъсир ўзгаришларга мойил кишилар шу саналарда аввалги материаллардаги тавсияларга амал қилишлари керак. Бундан ташқари, ҳафта боши ва ўртасида булутли кунларнинг кўп бўлиши серотонин гормон етишмовчилигини келтириб чиқариш мумкин. Бу кўпчилик аҳолининг кундалик ҳаётига таъсир кўрсатиши сабаб, серотонин етишмаслиги ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш мақсадга мувофиқ.

Серотонин етишмаслиги — танада муҳим нейроҳужайраларни балансда ушлайдиган серотонин даражасининг пасайиши ёки етишмаслигидан келиб чиқадиган ҳолатдир. Серотонин мия фаолиятида муҳим роль ўйнайди ҳамда кайфият, уйқу, иштаҳа, ҳиссиётлар каби жараёнларни бошқаришга ёрдам беради. Серотонин етишмаслиги одатда қуйидаги симптомлар билан намоён бўлади: депрессия, ташвиш, уйқусизлик, иштаҳа ўзгариши, тез чарчаш, умумий ланжлик, когнитив функция бузилиши (эътибор қаратиш қобилияти пасайиши).

Тавсиялар. Серотонин гормони етишмаслиги олдини олиш учун овқатланиш рационига тухум, ёнғоқ, гўшт маҳсулотлари ва лосось балиғи қўшиш керак. Мунтазам жисмоний машқлар ҳам серотонинни оширади. Энг асосий тавсия — офтоб булутлар орасидан «мўралаган» вақтларда имкон қадар унинг тафтидан баҳра олишга интилиш керак. Шунингдек, шифокор маслаҳати билан серотонинни кўпайтирувчи витаминлар ичиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Бу ҳафта кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли кам. Ўз-ўзидан, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши эҳтимоли ҳам паст. Шундай экан, жорий ҳафтада табиий об-ҳаво муҳитининг ички қон босимига таъсир этиши хавфи юқори эмас.

Биоиқлимий шароитлар

Республика аҳолиси жорий ҳафта ҳақиқий баҳор бошидаги иқлимий муҳит қаршисида бўладилар. Тунда ҳам, кундуз куни ҳам ҳароратнинг ўтган ҳафтага нисбатан 15 даражагача пасайиб кетиши, кийим жовонлардан қалин кийимларни қайта олишга тўғри келишини англатади. Ҳафта ўрталарида тонгда ва тунда ҳароратнинг қарийиб ноль даражагача пасайиши, бўлиб ҳам юқори намгарчилик остида кузатилиши аҳолининг ҳатто бошга қалпоқлар кийиб олишга ҳам ундаса керак.

Шунга қарамай, кундузги туш пайти муддатларида аҳоли физиологик жиҳатдан баҳорий ҳақиқий «комфорт» иссиқлик ҳиссиёти шароитларидан баҳраманд бўладилар. Ҳафтанинг дам олиш кунларига бориб кундуз кунлари яна енгил кийимлар кийишли иқлимий муҳит кузатила бошлайди. Ҳафта бошларида ишга, ташқарига отланишда кўплаб вилоятликлар ўзлари билан соябонлар олиб юриши зарар қилмайди.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар жорий ҳафта иш кунлари ўртача, баъзи муддатларда кучли ва кучсиз қўзғалишларга эга магнит бўронларидан азият чекишлари кутилмоқда. Шунга қарамай, сешанба ва чоршанба кунлари Ерда тахминан 3−4 баллик магнит бўронлари қўзғалиши мумкин. Гарчи, Қуёшда сўнгги икки суткаликда Х синфли кучли чақнашларкузатилмаётган бўлсада, аммо майда чақнашлардан ажралган плазма ҳаракати айнан Қуёш тизимида сайёрамизнинг геометрик жойлашув ҳудуди орасидан ўтаётгани сабаб, сайёрада 3−4 ёки 5−6 баллик магнит бўрони қўзғалишларини келтириб чиқариши ойдинлашмоқда.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам душанба ва пайшанба кунлари об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатликка хавф туғдирувчи «қизил» даражадаги, яъни ўртача қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган. Бошқа кунларда эса магнитосферадаги вазият бироз барқарорлашиб, «сариқ» қўзғалишларга қайтиши мумкин.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Жорий ҳафта йирик шаҳарлар ва ҳудудларда юқори намгарчилик сабаб, ҳавода майда дисперс заррачалар билан ифлосланиш муҳити табиий атмосфера жараёнлари сабаб рўй бермайди. Шунга қарамай, зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.

Шундай қилиб, 24−30 мартда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар жума, шанба ва якшанба кунлар бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу вақтларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *