Канадада муддатидан олдинги парламент сайловлари 28 апрель куни бўлиб ўтади, деб маълум қилди мамлакат бош вазири Марк Карни. Бу ҳақда CBC хабар берди.

«Мен ҳозиргина генерал-губернатордан (Мэри Саймон — таҳр.) парламентни тарқатиб юбориш ва сайловларни 28 апрелга тайинлашни сўрадим. У рози бўлди», — деди Карни.

Бош вазирнинг айтишича, сайловлар ўтказиш ҳақидаги қарор мамлакатнинг иқтисодий соҳасидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш зарурати билан боғлиқ экан. Бундан ташқари, Карнининг таъкидлашича, Оттава Америка президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган божларга муносабат билдириши керак.

АҚШнинг жавоби учун янги ҳукуматга аҳолининг «кучли қўллаб-қувватлаши» керак, деб таъкидлади Карни. Бош вазир фуқароларни «янги Канада иқтисодиёти»ни қуриш учун «ижобий мандат» беришга чақирди. Канадага ўзгаришлар керак, дея қўшимча қилди Карни.

Январь ойида Канада собиқ бош вазири Жастин Трюдо ўз рейтингининг кескин пасайиши фонида Либерал партия етакчиси лавозимидан истеъфога чиқишини эълон қилганди. Шу муносабат билан у 2015 йилдан буён бошқариб келаётган ҳукумат раҳбари лавозимини ҳам тарк этиши керак бўлди.

9 март куни партия ичида янги раҳбар сайлови бўлиб ўтди. Карни 85 фоиз овоз тўплади ва ғалаба туфайли вазирлар маҳкамаси раҳбари лавозимини эгаллади. Сиёсатчи 14 март куни бош вазир сифатида қасамёд қабул қилди.