• Чт. Май 1st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Парижда яна 500 та кўча пиёдалар учун мослаштирилади – Dunyouzbeklari.Com



Париж аҳолиси 23 март куни бўлиб ўтган референдумда ҳокимиятнинг шаҳардаги яна 500 та кўчани пиёдалар учун мослаштириш ва кўкаламзорлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлади, деб ёзмоқда Reuters.

Расмий натижаларга кўра, парижликларнинг 65,96 фоизи бу чорани ёқлаб, 34,04 фоизи қарши овоз берган. Референдумда сайловчиларнинг атиги 4,06 фоизи иштирок этди.

Ҳокимият режаларига кўра, янги пиёдалар кўчалари Парижнинг 20 та округининг ҳар бирида пайдо бўлади. Айнан қайси кўчалар пиёдалар ҳудудига айланиши Франция пойтахтининг икки миллион аҳолиси билан маслаҳатлашувлардан сўнг аниқланади.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимияти 2020 йилдан буён йўқ қилинган 10 мингта тўхташ жойига қўшимча равишда яна 10 минг автомобиль тўхташ жойини тугатишни режалаштирмоқда.

«Камроқ машина ва кўпроқ табиат», — деди Париж мэри Анн Идальго референдум натижаларини шарҳлар экан. Унинг аниқлик киритишича, кўчаларни аниқлаш ишлари яқин ҳафталарда бошланади.

Бу Идальго раҳбарлиги даврида ташкил этилган учинчи референдумдир. 2023 йилда парижликлар электросамокатларни ижарага бериш хизматларини тақиқлаш учун овоз берган бўлса, 2024 йилда йўлтанламаслар учун автотураргоҳ нархини уч баравар оширишни қўллаб-қувватлаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев март ойида Францияга давлат ташрифи чоғида Анн Идальго билан учрашув ўтказди. Тошкент ва Париж ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, шаҳарсозлик соҳасида тажриба алмашиш, «яшил» ҳудудларни яратиш, жамоат транспортини ривожлантириш, рақамлаштириш, шунингдек, шаҳар коммуникацияларини модернизация қилиш ва барқарор ишлатиш масалалари муҳокама қилинди.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *