Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасида Теҳронда Эронга қарши баҳс олиб боради. Учрашув «Озоди» стадионида 25 март куни соат 21:00 да бошланади.
Мазкур баҳс Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи Темур Кападзе учун Тошкентда Қирғизистон устидан қозонилган минимал ҳисобдаги ғалабадан сўнг (1:0) иккинчи расмий учрашув бўлади.
Эронга жаҳон чемпионатида кетма-кет тўртинчи бор иштирок этиш учун дуранг натижа кифоя қилади. Ўзбекистон ғалаба қозонган тақдирда 19 очко тўплайди df очколар сони бўйича Эронга етиб олади.
Амир Галенойи шогирдлари саралашнинг бу босқичида ишончли ўйин намойиш этмоқда. Улар фақат октябрь ойида Ўзбекистон билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, битта очко йўқотган.
Эрон бош мураббийи пайшанба куни БАА устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабага изоҳ бериб, жамоаси ўйинидан фахрланишини таъкидлади ва ўз футболчиларини жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини муддатидан олдин бажаришга чақирди.
Эрон ўйинда мағлуб бўлган тақдирида ҳам жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин, фақат бунинг учун БАА ва Қатар ўз ўйинларида очко йўқотиши керак бўлади.
Ўз навбатида, бу учрашув Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги энг катта қадам бўлиши мумкин. Агар жамоа ўйинда ғалаба қозонса ва БАА ҳамда Қатар ўз учрашувларида юта олмаса, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. БАА ва Қатар мағлуб бўлган тақдирда эса, дуранг ҳам жамоага йўлланмани тақдим этади.
Ўзбекистон ва Эроннинг статистикаси
Скрин: afc.com
Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари саралашнинг учинчи босқичидаги «А» гуруҳида еттита ўйинида энг кам гол ўтказиб юборган жамоалар бўлиб турибди — 5 тадан. Аммо урилган голлар сони бўйича миллий терма жамоа (9 та гол) Эрон (14), БАА (12) ва Қатардан (15) ортда.
Жамоалар аввалроқ — саралашнинг иккинчи босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келганди. Ўшанда Тошкентда Ўзбекистон икки тўп фарқи билан ортда қолаётиб, кейинчалик (2:2) дуранг қайд этган бўлса, сафардаги баҳсда ҳам ғолиб аниқланмаганди (0:0).
Саралашнинг учинчи босқичи доирасида Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон учрашувнинг учдан бир қисмида сон жиҳатидан устунликка эга бўлиб ўйнаганига қарамай, жамоалар 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Мазкур учта дуранггача терма жамоанинг 2012 йил ноябридан бери Эронга қарши барча 7 та ўйини мағлубият билан тугаган.
Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида Эрон устидан ягона ғалабасини 2012 йилнинг ноябрида ЖЧ-2014 саралаши доирасида қўлга киритган. Теҳронда кечган баҳс 0:1 ҳисобида якунланган ва ягона голга Улуғбек Бақоев муаллифлик қилган.
Туркиянинг «Ризеспор» клубида тўп сураётган ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов жароҳат сабабли бўлажак ўйинда иштирок эта олмайди. У Қирғизистонга қарши учрашувни ҳам ўтказиб юборганди.
Сариқ карточкалар туфайли Эроннинг «Истиқлол» клуби ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов ҳам Ўзбекистон терма жамоасига бу ўйинда ёрдам беролмайди.
Қирғизистонга қарши ўйинни ўтказиб юборган футболчи Остон Ўрунов сафга қайтиши мумкин.
Эрон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Саид Иззатуллоҳий БААга қарши ўйинни ўтказиб юборганидан сўнг жамоага таркибига қайтди. Футболчи жароҳатидан қутилиб, асосий гуруҳ билан машғулотларга қайтган.
32 ёшли ҳужумчи Меҳди Тареми ўйинни ўтказиб юбориши мумкин.
Иқтибослар
Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати
Ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе жамоаси Эрон билан ўйинга пухта тайёргарлик кўрганини таъкидлади.
«Эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Биз Эроннинг кучини биламиз ва ўз имкониятларимизни ҳам биламиз. Ўйлайманки, биз яхши тайёргарлик кўрдик. Эртанги ўйинга ҳамма тайёр. Биз Эрон терма жамоаси ва Эрон чемпионатини яхши биламиз. Сўнгги бир неча йил ичида биз бир неча бор учрашдик. Керакли маълумотларни ўзимиз ҳам йиғдик, футболчилардан ҳам олдик», — деди у.
Турли даврлардаги Ўзбекистон терма жамоаларини солиштириш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Кападзе авлодларни таққослаш нотўғри эканини айтди.
«Ўша авлод ўз вақтида кучли эди, ҳозир эса терма жамоада энг кучли авлод ўйнайди. Шунинг учун мен уларни таққосламаган бўлардим. Бугун биз энг кучли авлод билан иштирок этяпмиз. Мақсадимиз [жаҳон чемпионатига чиқиш]га яқинмиз», — деди мураббий.
Шунингдек, бош мураббий Жалолиддин Машариповнинг йўқлиги жамоага қандай таъсир қилиши, Остон Ўрунов майдонга туша олиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволларга ҳам жавоб қайтарди.
«Иккаласи ҳам терма жамоа учун муҳим футболчилар. Лекин бу футбол. Уларнинг ўрнига бошқа футболчилар ўйнайди. Остонда жароҳат бор эди, у тайёргарлик кўрмоқда. Эртанги ўйинга қанчалик тайёр бўлишини кўрамиз. Қолган ўйинчиларнинг барчаси саломат», — деб жавоб берди у.
Ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев бўлажак ўйин икки кучли жамоа ўртасидаги бўлиб ўтишини таъкидлади. «Биз бу ерга ғалаба қозониш учун келганмиз ва ғалаба қозониш учун қўлимиздан келганини қиламиз», — деди у.
Москванинг ЦСКА жамоасида тўп сураётган футболчи бошқа клубга ўтиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди.
Эрон терма жамоаси бош мураббийи Амир Галенойи Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида аввалги ўйинда соғлиғида бироз муаммолар бўлгани, Ўзбекистон терма жамоаси тиббиёт ходимлари унга ёрдам кўрсатганини айтди.
«Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ўзбекистон жуда яхши ва шаклланган жамоа. Бу мамлакат сўнгги 10 йил давомида ёшлар жамоаларига сармоя киритди ва ажойиб натижаларга эришди», — деди у.
Ўзбекистон терма жамоасининг таркиби ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у шундай деди: «Уларда қимматли футболчилар бор, улардан уч нафари Эрон Про-лигасида ўйнайди. Бизни жуда қийин ўйин кутиб турганини тушунамиз. Биз жуда яхши ва профессионал мураббийга эга БААнинг энг кучли жамоасини мағлуб этдик ва тайёргарлик учун вақт чекланганига қарамай, учрашувни назорат қилдик».
Кейин эса мураббий қуйидагиларни қўшимча қилди: «Ўзбекистон 3−4−3 схемаси бўйича ўйнайди ва бор эътиборни натижага қаратган. Биз ҳам бу тактик вариант устида ишлаганмиз ва бу учрашувни ижобий натижа билан якунлаймиз деган умиддамиз. Статистикага кўра, БАА билан бўлиб ўтган учрашув биз учун энг яхшиларидан бири бўлди».
Мухлисларнинг Эроннинг жаҳон чемпионати йўлланмасини аллақачон ҳал қилиб бўлгани ҳақидаги фикрига Галенойи қуйидагича изоҳ берди: «Эртанги ўйиндан кейин бизни яна иккита финал кутиб турибди. Терма жамоада ҳар бир ўйин финалга ўхшайди, чунки у тарихда қолади. Шимолий Кореяга қарши ўйинда бизда турнир бошида қандай мотивация бўлган бўлса, худди шундай иштиёқ бўлади».
Бош мураббий яна қуйидагиларни айтди: «БАА устидан қозонилган ғалабадан сўнг дарҳол футболчиларга энди Ўзбекистон ҳақида ўйлашимиз кераклигини айтдим. Биламан, улар ҳам яхши натижага эришиш иштиёқига тўла. Албатта, ҳаммаси Худонинг қўлида».
Меҳди Таремининг майдонга тушиши мумкинлиги ҳақидаги саволга у шундай жавоб берди: «Биз учун энг муҳими футболчининг саломатлиги. Тареми жароҳат олган, у билан тиббиёт ходимлари ишламоқда ва бугун унинг майдонга туша олиши ёки йўқлиги аниқ бўлади. У БААга қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин эди, аммо биз уни туширмасликка қарор қилдик».
Учрашувни Ўзбекистон кўк рангли, Эрон эса оқ либосда ўтказади.
«А» гуруҳининг бошқа ўйинларида БАА Саудия Арабистонидаги нейтрал майдонда Шимолий Корея билан, Қатар эса Қирғизистон билан меҳмонда ўйнайди.
Ўзбекистоннинг саралаш босқичи якунига қадар яна учта ўйини бор: 25 март куни сафарда Эрон, 5 июнь куни сафарда БАА ва 10 июнь куни ўз уйида Қатар билан.
Эслатиб ўтамиз, саралаш турнирида 18 та жамоа олтитадан учта гуруҳга бўлинган. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита жамоа тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўлланма олади (Япония аллақачон масалани ҳал қилди). Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар тўртинчи босқичда ўйнайди ва улар яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма, шунингдек, қитъалараро плей-офф йўлланмаси учун курашади.