Тошкент вилояти Қибрай туманида 24 март куни бир-бирига туташ бир нечта ҳовли уйларда кучли ёнғин содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган фото ва видеолар пайдо бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, соат 18:26 да Дўрмон маҳалласидаги уйлар ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Қутқарувчилар соат 18:28 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғинни 19:33 да ўраб олган ва 20:10 да тўлиқ бартараф этган. Ёнғин тахминан 2 соат давом этган.

Ёнғин оқибатида 3 та хонадоннинг тахминан 415 кв.м майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмади, дейилади хабарда.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Ёнғинни бартараф этишга 9 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та ёрдамчи сув ташишга мўлжалланган техника жалб этилган. Воқеа жойига Тошкент вилояти ва туман ФВБ раҳбарияти етиб борган.