Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси февраль ойида ўтказган йиғилишларда 5 та банкни жаримага тортди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.
Қўмита мазкур ойда жами 8 та йиғилиш ўтказиб, 43 та масалани кўриб чиққан ва тегишли қарорлар қабул қилган.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 31 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (8 та), янги очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (3 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (5 та), ваколатхона очишга рухсат бериш (1 та), тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (13 та) билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, Ishonch Plyus Hamkor Mikromoliya Tashkiloti’ни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингани муносабати билан у давлат реестридан чиқарилди.
Бундан ташқари, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 12 та масала — Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банкларида ўтказилган ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Марказий банк томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар, жумладан, МБ кўрсатмалари ва қонунчилик талабларига риоя қилинмагани учун 3 та банк чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, амалдаги қонунчилик, МБ томонидан ўтказилган ўрганиш ва инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун 5 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланди.