Навоий вилояти Нурота туманидаги айрим боғчаларда болаларга бериладиган маҳсулотларни сақлаш қоидалари бузилгани аниқланди, деб хабар берди Истеъмолчилар федерацияси матбуот хизмати.

Ташкилот мактаб ва боғчаларда ўқувчиларга яратилган шароитлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганмоқда. Унинг бир қисми сифатида Нуротадаги муассасаларнинг ҳолати ҳамда ўқувчи ва тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш ишлари текширилган.

Мазкур тадбир давомида мактаб ва боғчаларда таълим сифати, моддий-техник база, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, овқатланиш сифати ва бошқа муҳим масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Ўрганишлар натижасида айрим мактабгача таълим муассасаларида болалар учун ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиш қоидаларига риоя қилинмаётгани аниқланди. Хусусан, айрим ташкилотларда гўшт маҳсулотларининг чорак қисми яроқсиз ҳолатда экани маълум бўлди.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда, ўрганиш якунлари ва аниқланган камчиликлар бўйича тегишли ташкилотларга расман маълумот тақдим этилади, дейилади хабарда.