Фарғона вилояти ҳудудларида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари тасдиқланди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг 20 мартдаги тарифларни қайта кўриб чиқишга доир қарори қабул қилинган. Унга кўра, энди қаттиқ маиший чиқиндилар учун аҳолига (бир киши учун) бир ойлик тўлов миқдорлари қуйидагича бўлади (бунда нарх ҚҚСни ўз ичига олади):

  • шаҳар ҳудудида — 7500 сўм (илгари 5600 сўм);
  • туман ҳудудида — 6500 сўм (илгари 4480 сўм).

Юридик ташкилотлар эса 1 метр куб учун 112 650 сўм тўлайди. Эслатиб ўтамиз, бунгача чиқинди хизматлари учун улардан 53 760 сўм олинган ва бунда ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланган. Аммо 2024 йил 1 апрелдан санитария ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун имтиёз бекор қилинган. Энди юридик шахслар ҳам 12% қўшимча қиймат солиғини тўлаши керак.

Ўтган ойда Тошкент ва Навоий вилоятларининг аксарият туман-шаҳарларида маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тарифлар оширилганди. Таъкидланишича, мажбурий ягона тарифлар хизматлар сифатини оширишга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Февраль ойи бошида, шунингдек, Тошкент вилоятининг аксар ҳудудлари ва Сурхондарёнинг барча ҳудудларида ҳам чиқинди хизмати учун тўлов тарифи белгиланган. Бу ҳақдаги қарорлар халқ депутатлари вилоятлар кенгашлари томонидан санитария-тозалаш хизматлари сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган.

2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Самарқанд шаҳрида, ўша йилнинг декабрь ойида эса Бухоро ва Наманган вилоятларида чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича ягона тарифлар белгиланган эди.