Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 112 ягона диспетчерлик хизмати ишга тушган. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов «Dunyouzbeklari.Com»га маълум қилди.
Унга кўра, ҳар бир вазифа ҳукумат қарорида белгиланган муддатларда бажарилган, айни пайтда бу тизим республиканинг барча ҳудудларида ишга тушган ва фаолият юритмоқда.
112 ягона диспетчерлик хизмати Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятининг шошилинч хизматларини маълумотларни узатишнинг ягона тармоғига бирлаштирган ҳолда республиканинг барча ҳудудлари бўйича шошилинч ёрдам чақириқларини қабул қилиш ва қайта ишлаш, аҳолига шошилинч ёрдам кўрсатиш фаолиятини бошқаришнинг ягона тизими ҳисобланади.
Шерзод Аҳматовнинг қўшимча қилишича, параллел равишда 101, 102, 103, 104 каби қисқа рақамлар ҳам ишлашда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 112 рақами ишга тушиши ҳақида 2023 йил июль ойида президент йиғилишида айтиб ўтилганди. Ўшанда бу тизим АҚШдаги 911 хизматининг аналоги бўлиши, шу орқали навбатчилик қисмлари фаолияти ҳам тубдан қайта кўриб чиқилиши таъкидланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил май ойидаги қарори билан 112 ягона диспетчерлик хизмати босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланганди.
Ҳукумат қарорида 112 ягона диспетчерлик хизмати 2024 йил 1 июндан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2024 йил якунига қадар эса Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда ишга тушиши белгиланган эди.