• Чт. Май 1st, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сариосиё ва Зарафшон аэропортлари 2025 йил охиригача очилиши мумкин



2025 йил якунигача Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё ва Навоий вилоятидаги Зарафшон аэропортларини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 20 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Dunyouzbeklari.Com» мухбири.

Компания раҳбари аҳолининг авиаҳаракатчанлигини ошириш, бунинг учун ҳудудий аэропортлар сони кўпайтириш кераклигини қайд этди.

«Ёзга қадар Сариосиё аэропортини ва [жорий] йил охиригача Зарафшон аэропортини очишни режалаштирмоқдамиз. Барча ҳудудларда инфратузилмани ривожлантиришга эҳтиёж мавжуд. Шу боис, президент томонидан авиация соҳасидаги сиёсат белгиланди, стратегия тасдиқланди. Биз эса, ўз навбатида, аҳоли ва ташриф буюраётган сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида минтақавий аэропортлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қиламиз», — дея таъкидлади Умархўжаев.

Умархўжаев Uzbekistan Airports собиқ раҳбари Раъно Жўраева томонидан таклиф этилган Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари учун ягона халқаро аэропорт яратиш лойиҳаси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Қамчиқ довони орқали Тошкент билан фақат битта автомобиль йўли боғлайдиган Фарғона водийсининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишга чақирди.

«[Таклиф] у ерда битта аэропортни сақлаш стратегия ва хавфсизлик нуқтаи назаридан энг маъқул вариант эмас — бу биринчи масала. Иккинчидан, ҳар бир вилоятда ўртача 3−4 млн аҳоли истиқомат қилгани сабабли, ўз аэропортига эҳтиёж мавжуд. Бундан ташқари, ҳозирги кунда [Фарғона] водийга Туркия, Хитой ва Россия томонидан жуда катта миқдорда сармоялар кириб келмоқда. Инвесторлар ва сайёҳлар учун марказда ягона аэропорт мавжудлиги ва 100−150 км масофада ҳаракатланиш ноқулайлик туғдиради. Бизнинг стратегиямиз — учта вилоятда учта тўлақонли халқаро аэропортга эга бўлишдир», — деди компания раҳбари.

Бундан ташқари, у Uzbekistan Airports билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида аэропорт очилишига мисол келтириб, бу тадбиркорлик фаолияти ва туризмнинг ривожланиши билан изоҳланишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг ноябрь ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида масъулларга Зарафшон шаҳридаги 80-йилларда қурилган аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритишни топширганди.

Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида жами 200 минг аҳоли яшайди. Улар Тошкент шаҳрига келиш учун аввал автомобилда 250−300 км йўл юриб, Навоий шаҳрига боради. Кейин эса бу ердан поезд ёки самолётга ўтириб, пойтахтга боришга мажбур бўляпти.

Президент 2023 йилнинг ноябрида Сурхондарё вилоятига ташрифида эса Сариосиё аэропортида фуқаро авиацияси фаолиятини тиклаш вазифасини қўйганди. Шунингдек, Сариосиёдан Самарқанд ва Тошкентга мунтазам рейсларни йўлга қўйиш, Термиздан Истанбул, Фарғона, Бухоро ва Хоразмга рейсларни кўпайтириш топширилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *