АҚШ Украина ва Россия билан хавфсиз кема қатновини таъминлаш, куч ишлатишни истисно қилиш ва Қора денгизда тижорат кемаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга келишиб олди. Бу ҳақда АҚШнинг Ар-Риёдда Украина ва Россия делегациялари билан учрашувлари якунлари бўйича Оқ уй пресс-релизларида айтилади. Музокаралар 24 ва 25 март кунлари бўлиб ўтди, АҚШ вакиллари ҳар бир томон делегациялари билан алоҳида учрашди.

Оқ уй баёнотларида, шунингдек, АҚШ Украина ва Россия билан икки томоннинг энергия объектларига 30 кунлик зарба беришни тўхтатиш бўйича таклифни «амалга ошириш чораларини ишлаб чиқишга» келишиб олгани айтилади.

Баёнотларда яна шундай дейилади:

  • АҚШ ва Украина АҚШ ҳарбий асирлар алмашинуви, фуқаролик асирларини озод қилиш ва мажбурий кўчирилган украиналик болаларни қайтаришга кўмаклашиш ниятида эканига келишиб олди.
  • АҚШ Россиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларни экспорт қилиш учун жаҳон бозорига киришини тиклашга, денгиз суғуртаси харажатларини камайтиришга ва бундай транзакциялар учун портлар ва тўлов тизимларига киришни кенгайтиришга ёрдам беради.
  • АҚШ ва Украина энергетика ва денгиз келишувларини амалга ошириш учун учинчи давлатларнинг воситачилигини олқишлайди. Бунга Россия ҳам рози бўлди.