Ота-оналарга 515 мингта огоҳлантириш хати юборилганидан сўнг Ўзбекистон мактабларида давомат 95−99 фоизгача ошган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 18 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова маълум қилди.

«Миллий гвардия маълумотларига кўра, 2024 йил бошида мактабга давомат ўртача 70 фоизни ташкил этган бўлса, ота-оналарга 515 мингга яқин огоҳлантириш хати йўллангани натижасида 2024 йил якунига кўра давомат 95−99 фоизга етди», — дейди Сурайё Раҳмонова.

У боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш болалар омбудсмани диққат марказидаги масалалардан бири эканини эслатди. Мамлакатда 10134 та умумтаълим мактаби (2024 йил ҳолатига кўра) мавжуд бўлиб, уларда 6,57 миллионга яқин бола таълим олади.

Бугунги кунда таълим муассасалари болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ривожлантиришнинг асосий ижтимоий майдонилигича қолмоқда, таъкидлади Сурайё Раҳмонова. У 10 ёшдан 17 ёшгача бўлган 245 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларини келтирди.

«Сўров натижаларига кўра, болаларнинг 97 фоизи ҳуқуқларидан хабардор, 65 фоизи ҳуқуқларини яхши билади, 52 фоизи эса бу маълумотни айнан мактабда олганини маълум қилган. Сўровномада қатнашган ўқувчиларнинг 94 фоизи интернетдан фойдаланиш кўникмасига эга эканини билдирган бўлса-да, уларнинг 16 фоизи интернетдан фойдаланиш қоидаларини билмайди», — деди болалар омбудсмани.

У ота-оналар фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатларини боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга жиддий тўсиқ сифатида кўрсатди.

«Боланинг таълим олиши учун шарт-шароитларни таъминлаш ота-оналарнинг бевосита конституциявий масъулияти ҳисобланади», — деб эслатди болалар омбудсмани.