Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичининг саккизинчи учрашувида Эрон билан дуранг ўйнади. 25 март куни Теҳрондаги «Азади» стадионида бўлиб ўтган ўйин 2:2 ҳисобида якунланди.
Бош мураббий Темур Кападзе асосий таркибда иккита ўзгариш қилди. Марказий ҳимоячи Абдулла Абдуллаев ўрнига майдонга Умар Эшмуродов тушди. Олдинги ўйинда симуляция қилгани учун сариқ карточка олган ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов ўрнига Хожимат Эркинов ўйнади.
Эрон терма жамоаси таркибида ҳужумчи Меҳди Тареми ва ярим ҳимоячи Саид Эззатуллоҳий ўйинни дастлабки дақиқалардан бошлади.
Учрашувнинг 16-дақиқасидаёқ Ўзбекистон биринчи бўлиб ҳисобни очди. Ҳимоячи Фарруҳ Сайфиев чап қанотдан ошириб берган тўпни Ҳожимат Эркинов жарима майдончаси ичида қабул қилиб олиб, дарвозага йўллади — 0:1.
Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида ўзбекистонликлар аутни ижро этишда сусткашликка йўл қўйди ва тўпни рақибларига бериб қўйди. Ҳужумчи Меҳди Тареми Сердор Азмуннинг пасидан сўнг дарвоза томон кучли зарба йўллади — 1:1.
Ўзбекистон дарҳол гол билан жавоб қайтарди. 53-дақиқада ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаев жарима зарбасидан ошириб берган тўп ҳеч кимга тегмади ва дарвозадан жой олди — 1:2.
67-дақиқада Файзуллаев жарима майдончасига узатма амалга оширди, аммо ҳужумчи Элдор Шомуродов узатмани якунлай олмади.
68-дақиқада Эрон ҳисобни деярли тенглаштирганди, аммо дарвозабон Ўткир Юсупов сейв амалга оширди, ҳимоячи Рустам Ашурматов эса тўпни дарвоза чизиғи олдидан узоқлаштирди.
74-дақиқада Файзуллаев дарвозабон билан яккама-яккага чиқди, бироқ ўз имкониятидан унумли фойдалана олмади.
78-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни яна дарвозабон Ўткир Юсупов қайтарди.
83-дақиқада ҳужумчи Меҳди Тареми дублга эришди — 2:2.
Ўзбекистон Эрон билан қаторасига тўртинчи ўйинда дуранг ўйнади. Жамоанинг эронликлар устидан қозонган ягона ғалабаси 2012 йилнинг ноябрида бўлганди.
«А» гуруҳида Эрон 20 очко билан биринчи ўринни сақлаб қолди ва жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Ўзбекистон 17 очко билан иккинчи ўринда. Параллель ўйинда Қирғизистон Бишкекда Қатарни мағлуб этди (3:1).
БАА ва Шимолий Корея Саудия Арабистонида саккизинчи учрашувини ўтказади.
Ўзбекистоннинг саралаш босқичи якунига қадар ҳали иккита ўйини бор: 5 июнь куни БААга қарши сафарда, 10 июнь куни эса Қатарга қарши ўз уйида.
Эслатиб ўтамиз, саралаш турнирида 18 та жамоа олтитадан учта гуруҳга бўлинган. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўлланма олади (Япония аллақачон йўллама олган). Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар тўртинчи босқичда ўйнайди ва улар яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма, шунингдек, қитъалараро плей-офф йўлланмаси учун курашади.
Статистика
Видео
Фото