Ўзбекистонда ноқонуний ўрнатилган банкоматлар демонтаж қилинмоқда. Бу ҳақда 24 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов маълум қилди.

Илгари демонтаж қилиниши режалаштирилган, бироқ кейин уларнинг эгаларининг ҳужжатларини тартибга солишга қарор қилинган электр заправкалар билан боғлиқ вазият ҳақидаги саволга жавоб берар экан, агентлик матбуот котиби Неъматжон Отамуратов ер назорати агентликнинг асосий вазифаларидан бири эканини эслатиб ўтди. Унга кўра, инспекторлар томонидан ноқонуний биноларни аниқлаш, огоҳлантириш ва қонун доирасида бошқа чоралар кўрилмоқда.

Журналистлардан бири нима учун бу ҳолатда кўчаларга рухсатсиз ўрнатилган банкоматлар тармоқдан узилмаслигини сўради. Агентлик раҳбари ўринбосари ушбу ишлар Марказий банк билан ҳамкорликда мунтахам амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Сиз буни сезмаслигингиз мумкин. Менда демонтаж қилинган банкоматлар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ иш доимий асосда олиб борилмоқда. Буни Марказий банк ҳам, тижорат банклари ҳам тасдиқлаши мумкин», — деди Мирмақсудов.

Агентликнинг таъкидлашича, ноқонуний ўрнатилган банкоматларни аниқлаш ва демонтаж қилиш чоралари давом этади.

Матбуот котибининг аниқлик киритишича, 2024 йилда 66 мингдан ортиқ ер қонунчилиги бузилиши қайд этилган. Банкоматларни ноқонуний жойлаштириш ва бошқа қонунбузарликлар шулар жумласидандир.

1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда муомалада бўлган банкомат ва инфокиосклар сони 32 265 тани ташкил этади, шундан 15 855 таси Paynet, Oson ва бошқа тўлов ташкилотларига, 500 таси «ЎзИнкассация» уюшмасига тегишли, қолганлари — банкоматлар. Энг кўп улуш Халқ банкида — 3064 та банкомат, «Агробанк»да — 2166 та, «Капиталбанк»да — 1481 та.