Ижтимоий тармоқларда бир эркакнинг Самарқанд вилояти Ургут туманида йўл ўртасидаги чуқурда ёмғирдан сўнг ҳосил бўлган кўлмакда чўмилгани акс этган видео тарқалди.
Кадрларда эркак йўллардаги чуқурлар кўплиги ва катталигидан уларда чўмилиш ҳам мумкинлигини айтган ҳамда ўзи буни амалда қилиб кўрсатган.
«Ургутда «яма»ларимиз худди бассейндек бўлиб ётибди. Бир машина шундай «яма»лардан бирига тушиб кетиб, шинаси йиртилди», — дейди у видеода.
Фото: Самарқанд вилояти ИИБ.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, фуқаро блогер бўлиб, ҳолат юзасидан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан айбли деб топилди.
Суд ҳукми билан унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди.
«Жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиш ёки ахлоққа зид хатти-ҳаракатларни амалга ошириш сизга тенгдошларингиз орасида мана шундай „машҳурлик“ олиб келиши унча ёқимли бўлмаса керак?», — дея савол қолдирди бошқарма.