• Пт. Ноя 7th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Пентагон 75 мингдан ортиқ ходимини ишдан бўшатмоқчи — Дарё Янгиликлари


АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳукуматнинг харажатларни камайтириш мақсадида хизматчилар сонини қисқартириш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Фото: Wikimedia

Ҳозирда Мудофаа вазирлигида 950 мингга яқин ходим фаолият юритади, қисқаришлар натижасида 76 минггача киши ишдан олиниши мумкин. Пентагон февраль ойида давлат хизматчиларининг 8 фоизини ишдан бўшатишни режалаштираётган эди. Хегсет президент Дональд Трампнинг федерал амалдорлар сонини қисқартириш кампаниясига қўшилиш истагини тасдиқлаган.

Меморандумда Хегсет “кечиктирилган истеъфо дастури”ни жорий этишга чақиради ва ходимларга ихтиёрий равишда муддатидан олдин пенсияга чиқишни таклиф қилади. Шунингдек, у Мудофаа вазирлиги раҳбарларига 11 апрелга қадар ўз бўлинмаларининг “келажакдаги ҳолатининг ташкилий схемасини” тақдим этишни топширган.

АҚШда давлат аппаратини қисқартириш

Дональд Трампнинг сайловолди ваъдаларидан бири АҚШ давлат аппарати ходимлари сонини сезиларли даражада қисқартириш ва бунинг натижасида унга сарфланадиган маблағларни тежаш эди. Республикачи президент бўлгач, шу мақсадда Ҳукумат самарадорлиги департаментини (DOGE) тузди, унга миллиардер Илон Маскни раҳбар этиб тайинлади.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг давлат харажатларини қисқартириш энг шов-шувли ҳодисалардан бири бўлди. Ушбу агентлик 40 миллиард доллардан ортиқ бюджетга ва 10 мингдан зиёд ходимга эга бўлиб, уларнинг минглаби хориждаги ваколатхоналарда ишлайди.

Трампнинг бюрократик аппаратни қисқартириш кампанияси таъсир қилган биринчи миллий хавфсизлик идораси АҚШ Марказий разведка бошқармаси бўлди. Февраль ойи бошида у барча ходимларига ишдан бўшашни ва саккиз ойлик маош миқдорида нафақа олишни таклиф қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *