“Ойбола ва унинг дўстлари” анимацион сериали Россияда ишлаб чиқилган бўлиб, биринчи марта 2006 йилдан эфирга узатилган. Мультфильм ёш томошабинларга меҳрибонлик, дўстлик, ҳалоллик ва бошқа муҳим инсоний қадриятларни ўргатишга қаратилган.
Асосий қаҳрамон Ойбола (Лунтик) Ойда туғилган ва тасодифан Ерга тушиб қолган ўзга сайёраликдир. У янги дунё — Ер сайёрасида яшашни ўрганади, турли ҳашаротлар билан дўстлашади. Ҳозирда Ойбола миллионлаб болаларнинг севимли қаҳрамонига айланган.
Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега бош қаҳрамон айнан оч бинафшарангда тасвирланган? Бир қарашда бу оддий деталдек туюлиши мумкин, аммо унинг ортида чуқур ўйланган мантиқий сабаблар ётади.
Энг машҳур фаразлардан бири — бу Ойболанинг Ер сайёрасига бегона жонзот эканлиги. Унинг ранги биздаги барча жонзот ва махлуқотлардан фарқ қилиши лозим эди. Бир оз пушти аралаш бинафшаранг қаҳрамоннинг ўзга оламдан келганини билдиради.
Иккинчи назария эса психологик талқинда тушунтирилади. Бинафшаранг ва пушти илиқлик, меҳр-муҳаббат ва нозикликни англатади. Ойбола ҳам меҳрибонлик ва ғамхўрлик тимсолидир. Бу ранг болалар ва катталарда унга нисбатан ишонч уйғотади. Психологларнинг фикрича, пушти инсонни хавфсизлик ҳисси билан таъминлайди, шу сабабли ҳам болалар мультфильми қаҳрамони учун жуда мос келади.
