Шоу-бизнес йўналишидаги журналист Жасур Ҳамроев 5 апрель куни 42 ёшида вафот этди. Бу маълумотни унинг яқин дўстларидан бири «Dunyouzbeklari.Com»га тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, Жасур Ҳамроев бетоб бўлган. Аммо қандай касалликдан вафот этгани очиқланмади. Тармоқларда унинг қандли диабет билан оғриб келгани, вафотига эса буйрак етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилмоқда.

У 1983 йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. У журналистика соҳасидаги фаолиятини «Даракчи» газетасида бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб шоу-бизнес соҳасини ёритувчи shov-shuv.uz интернет сайтига асос солган ва бош муҳаррири бўлган. Журналист 2024 йилда The Addresses журналини очган.

Ҳамроев бир муддат «Адолат» сотциал-демократик партияси Яккасарой кенгаши раиси сифатида фаолият юритган. Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурулиши академияси «Бошқарув маҳорати» курсини тамомлаган.

Журналистнинг дафн маросими эртага Бухоро вилоятида бўлиб ўтади.

Унинг YouTube каналида 401 минг, Instagram саҳифасида эса 516 минг обуначиси бор.