• Пн. Апр 20th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Хитойдан “кўринмас” ҳарбий самолёт сотиб олмоқчи – ОАВ


Ўзбекистон Хитойдан JF-17 кўп мақсадли қирувчиси ҳамда J-35А “бешинчи авлод” самолётини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда минтақавий манбаларга таянган ҳолда Defence Post ёзмоқда.

J-35 “бешинчи авлод” қирувчиси
Фото: Хитой тармоқлари

Resonant news нашри эса J-35 экани айтилган самолёт ичидан олинган видеони эълон қилди. Унда ҳарбий формасига Ўзбекистон байроғи туширилган учувчини кўриш мумкин.

Ҳозирча на Пекин, на Тошкент қирувчи самолётлар ҳақида расмий баёнот бермади. Бироқ юқорида санаб ўтилган нашрлар номи очиқланмаган маҳаллий манбаларга таяниб, Хитой томони самолётлар сотуви учун рухсат берганини ёзди. Аммо гап айнан қайси модел ҳақида кетаётгани очиқланмади. Бироқ тахминларга кўра, бу Хитой ва Покистон ҳамкорлигида ишлаб чиқилган JF-17 Thunder “тўртинчи авлод” самолёти бўлиши мумкин.

Покистон Ҳарбий ҳаво кучларининг JF-17 Thunder қирувчиси
Фото: Google Images

Аввалроқ Ўзбекистон Франциянинг Dassault Aviation компанияси томонидан ишлаб чиқилган Rafale самолётларига қизиқиш билдиргани хабар берилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг мудофаа саноати корхоналаридан бирига ташрифи давомида Хитойда ишлаб чиқарилган ҳаво мудофаа тизимлари намойиш қилинган.

J-35 самолёти. Бу мамлакат учун нимани англатади?

Defence Post нашри Тошкент Хитой ҳарбий техникаларини сотиб олаётганини нисбатан арзон нархлар, етказиб беришдаги тезкорлик ва икки ўртадаги илиқ муносабатлар билан изоҳлаган. Хориж нашрлари ёзган J-35А қирувчиси, мутахассислар фикрича, Қўшма Штатларда ишлаб чиқилган F-35 самолётининг хитойча варианти ҳисобланади. Америка компаниялари хитойлик рақибларини махфий маълумотларни ўғирлашда бир неча бор айблаган.

Юқорида J-35, қуйида F-35
Фото: Google Images

Мутахассислар унга бешинчи авлод қирувчиси сифатида таъриф беради. Яъни қирувчи радарларда кўринмаслик хусусиятига эга деб ишонилади. Қайд этилишича, ҳозир бундай самолётлар саноқли моделда мавжуд. Қўшма Штатларнинг F-22, F-35, қирувчилари, русларнинг Су-57 кўп мақсадли самолёти ҳамда Хитойда ишлаб чиқарилган J-20 кабилар билан рўйхат якунланади. Агар хабар тасдиқланса, бу Ўзбекистон Ҳарбий ҳаво кучлари жанговар салоҳиятини сезиларли даражада оширади.

Самолёт ҳақида

J-35А Хитойнинг етакчи Shenyang Aircraft Corporation компанияси томонидан ишлаб чиқилган. У қуруқлик нишонларига зарба бериш, ҳаво жангларини олиб бориш каби вазифаларни бажара олгани боис кўп мақсадли қирувчи сифатида таъриф берилади. Самолёт узунлиги 17 метрни, қанотлари кенглиги эса 11.5 метрни ташкил қилади.

Қирувчи бир жуфт WS-19 ёки WS-13 турбофан двигатели билан жиҳозланган. Бу самолётга тезлигини 2,200 км/соатга етказиш имконини беради. У 1,200–1,500 километр радиусда жанговар топшириқларни бажариши мумкин. Ташқи ёқилғи баклари билан масофа янада ортади.

J-35 ҳаво ҳамда қуруқлик нишонларига зарба бериш учун турли ракеталар, бошқарилувчи бомбалар ва қанотли ракеталардан фойдаланиши мумкин.

Аммо мазкур самолётни кенг кўламда ишлаб чиқариш бошлангани ҳақида маълумот йўқ. Очиқ манбаларга кўра, Хитой қуролли кучларининг ўзи ҳам ундан саноқли миқдорда сотиб олган. Шу боис айрим экспертлар юқоридаги хабарга шубҳа билан қарамоқда. Улар Пекин бундай илғор технологияларни хориж давлатларга экспорт қилишга ҳали тайёр эмас деган фикрда.

Яна баъзилар эса бу шунчаки синов жараёни бўлганини, Ўзбекистон мазкур самолётларни сотиб олмаслиги ҳам мумкинлигини ёзиб чиққан. Боиси Хитой ҳарбий технологияларининг сифат даражасига нисбатан шубҳа билан ёндашув халқаро доираларда ҳануз кучли.

Маълумот учун, шу йил бошида Саудия Арабистони Пекиннинг J-35 қирувчиларини сотиб олиш таклифини рад қилиб чиққан, бунинг ўрнига Европа билан “олтинчи авлод” самолёти бўйича ишлашни афзал кўрганди. Ҳозирга қадар J-35 га қизиққан ягона давлат Хитойнинг қалин иттифоқчиси Покистон бўлиб қолмоқда. У 40 та самолётга расман буюртма берган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *