Meduza нашри «Ўқувчилар нигоҳида уруш» рубрикасида навбатдаги хатни эълон қилди, бу сафарги хат Тошкентдаги Россия университетида ўқиётган талаба Муҳиджондан келган. Қуйида унинг ҳикоясини тўлиқ келтирамиз.
Мен Москвадаги Губкин [нефть ва газ] университетининг Тошкент филиали талабасиман. Ростини айтсам, уруш бошланганда даҳшатга тушган эдим. Доим Ленин ва «буюк рус шовинизми» ҳақида гапиришарди ва мен буни муболаға деб ўйлардим, лекин энди бу ҳақиқат эканини тушундим. Оиламнинг Украина ҳақидаги энг илиқ хотиралари бор, бувим ва бобом уларнинг ёшлиги Ялта ва Одессада қандай ўтганини айтиб беришган. Бувим бомбардимон видеоларини кўриб, йиғлаб юборди.
Биз, Ўзбекистон фуқароларининг ёш авлодига ҳам уруш таъсир қилди. Энди ҳар ҳафта университетда бизга маърузалар ўқишмоқда, уларда кекса авлод вакили бизга «СВО» («махсус ҳарбий операция» — таржима) ва Россия Федерациясининг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб беради. Мен ҳануз дин ишлари бўйича марказ ходимининг иқтибосини эслайман: «Мен қадимги православ рус маданиятининг ташувчиси сифатида Россия Федерацияси қўшинлари сатанистларга қарши курашаётганини таъкидлайман». Бу — сафсата, бу — бемаънилик. Украинадаги урушга биз — мустақил Ўзбекистон ёшларининг қандай алоқамиз бор?
Мен Украинани фаол қўллаб-қувватлайман, дўстларим Украинани қўллаб-қувватлайди. Биз ҳаммамиз бу жиноий, ахлоққа зид урушга қаршимиз. Соғлом фикрли одамлар ҳар доим ҳар қандай уруш ва зўравонликка қарши. Мен Украина ўз озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишига чин дилдан ишонаман. Биз иллюзиялардан йироқмиз, агар Украина мағлубиятга учраса, озодлик ва мустақилликни қўлимизда қурол билан ҳимоя қилишимизга тўғри келишини жуда яхши биламиз.
Жамоатчилик фаоли Комил Жалилов мазкур хатга эътибор қаратар экан, 2024 йил ноябрь ойида Россия Кинематография институти Тошкент филиали (ВГИК)да шунга ўхшаган вазият бўлганини ёзди.
«Ўзбекистонда Украинага қарши тарғибот бошландими?» номли мурожаатда Илья Кожухарь исмли ўқитувчининг ишдан бўшатилиши ва ундан кейинги вазият ҳақида сўз борган.
Унга кўра, Кожухарь ВГИКнинг Тошкент филиалида драматургиядан дарс берган. Талабалар унинг дарсларидан жуда мамнун бўлганини билдирган. Бироқ у Москвадаги ВГИК раҳбарияти буйруғи билан ишдан бўшатилгани айтилади.
«Ўқитувчимиз Илья Кожухарь ажойиб эди. Релокант бўлса нима бўпти? У урушга бормади, қардош халқнинг азоб-уқубатларига сабабчи бўлишни истамади. У сиёсий пропаганда билан шуғулланмаган, уруш мавзусида гапирмаган. У шунчаки дарсини қойилмақом қилиб ўтарди… У ишдан бўшатилгач, драматургия дарслари тарғибот соатларига айланиб қолган. Янги ўқитувчи фақат уруш ҳақида гапиради. У бутун дарс давомида украиналиклар гўё нацистлар экани ҳақида вайсаяпти», — деганди ОТМ талабалари.
«Хабарларга кўра, Ўзбекистон Россия ОТМларининг хориждаги филиаллари сони бўйича етакчи экан (бу 2022 йилги маълумотга асосланган — таҳр.)», — дейди Комил Жалилов.
«Бу филиалларга Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон қонунларига, хусусан, „давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланган“ ташқи сиёсати юритилиши белгиланган Ўзбекистон Конституциясига (17-модда) зид фаолият олиб бормаслик кераклиги тушунтирилганми? Бир суверен давлатга қарши тажовузни оқловчи пропаганда эртага бошқа суверен давлатга, масалан, Ўзбекистонга қарши қаратилмаслигига кафолат бера оламизми?» — дея савол қўйди у.