Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги ярим финалига йўл олди. 13 апрель куни бўлиб ўтган учрашув 3:1 ҳисобида якунланди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида дубль қайд этган Асилбек Алиев учрашув қаҳрамонига айланди. 14-дақиқадаёқ у 25 метрли жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди — тўп чап «тўққизлик»ка бориб тушди. Бу гол ҳужумчи учун турнирдаги тўртинчи гол бўлди ва у тўпурарлар пойгасида пешқадамга айланди.
35-дақиқада Алиев чап қанотдан Сайфиддин Содиқовнинг узатмасини голга айлантирган бўлса, бўлим сўнгида Содиқовнинг ўзи пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди.
Танаффусдан сўнг ўзбекистонликлар фаол ҳужум уюштиришда давом этиб, Алиев хет-трикка яқин келди, бироқ унинг зарбаси БАА дарвозабони Аҳмад Экрамнинг бошига тегди, шундан сўнг унга тиббий ёрдам кўрсатилди.
БАА терма жамоаси 66-дақиқада битта тўп киритди — Муҳаммад Бути Альмарар стандарт вазиятдан сўнг гол урди. Аммо бу ўйинни ўзгартириш учун етарли бўлмади: Ўзбекистон ишончли тарзда ўйинни ғалабагача олиб борди.
Ярим финалда турнирнинг 2012 йилги чемпиони бўлган ёш «оқ бўрилар» Индонезия — КХДР жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади.
Финал йўлланмаси учун баҳс 17 апрель куни бўлиб ўтади.
Видео
YouTube`да томоша қилинг