14 апрель куни Қирғизистондаги Россия элчисига Москвадаги ҳаммом мажмуасида қирғизистонликлар қўлга олингани сабабли мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан нота топширилди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ хабар берди.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Россия фавқулодда ва мухтор элчиси Сергей Вакунов билан учрашди. Фото: Қирғизистон ТИВ
Қайд этилишича, 11 апрель куни Москва шаҳридаги «Бодрост» ҳаммом мажмуасида Қирғизистон фуқароларининг оммавий ҳибсга олиниши юз берган.
«Уришди ва масхара қилишди»
Ulysmedia.kz маълумотларига кўра, ҳаммомда Қирғизистоннинг 60 га яқин фуқароси бўлган. Рейд давомида полициячилар йиғилганларни калтаклаган. Москвада бир ойча таксичилик қилган Алихон исмли шахс 10 апрель куни кечқурун тоғаси ва амакиваччаси билан ҳаммомга борган. Тахминан ярим соатлардан сўнг улар эшик бузилганини эшитган ва ваҳима бошланган.
«Одамлар ваҳимага тушиб қоча бошлашди. Биз ҳам қочмоқчи бўлдик, лекин ҳеч кимни қўйиб юборишмади. Кейин ҳаммани калтаклай бошлашди. Ким ураётгани ҳам тушунарсиз — кўриб бўлмайди. Бош кўтаришга қўйишмайди. Уларнинг қўлларида таёқ ва электрошокерлар бор эди. Ҳаммани ошхонага ҳайдашди. Кучли эркакларни ажратиб, кучсизроқ ёки озғинроқ кўринганларини бир хонада қолдиришди. Соқоли борларни алоҳида олиб кетишди. Бир эркакнинг соқолини шу ернинг ўзида олиб ташлашди. У қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида, юзига уришди. Бизни нима учун уришаётганини тушунмасдик — ҳеч ким ҳужжат сўрамасди. Бир киши ўрнидан туриб, бунинг сабаби нима, деб сўради, унга „Сиз бизга ёқмаяпсиз“ деб жавоб беришди», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, беш соатдан кейингина воқеа жойига полициянинг катта ходимлари етиб келган.
РБК нашрининг ёзишича, хавфсизлик кучлари маҳаллий аҳолининг шикоятларидан сўнг ҳаммомда рейд ўтказган.
Қирғизистондан муносабат
«Россия томонига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган операция асослари, шунингдек, фуқароларга нисбатан куч ишлатиш чоралари қўллангани юзасидан маълумот тақдим этиш ва куч ишлатиш асоссиз бўлган тақдирда, ушбу ҳодиса бўйича Москва шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш сўралган расмий нота топширилди», — дейилади ТИВнинг учрашув ҳақидаги хабарида.
Учрашувда, шунингдек, Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бундан буён Қирғизистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай вазиятга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш сўралди.
Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Жанар Акаев ҳаммомдан олинган видеони эълон қилди: ёзувда одамларни бошқа ҳибсга олинганлар бўлган хона томон эмаклашга мажбурлашаётгани акс этган. «Оддий ҳайдовчилар, ошпазлар ҳаммомда бўлган», — деди депутат парламент ижтимоий қўмитаси йиғилишида.
«Биз ахир ЕОИИ аъзосимиз, иттифоқчилармиз, стратегик ҳамкорлармиз — шундай экан, юзлаб ватандошларимизни калтаклашга йўл қўйиб, жим турамизми? Зудлик билан чора кўриш керак! Россия куч ишлатар тизимлари айбдорларни жавобгарликка тортиши, халқимизга расмий маълумот бериши керак! Компенсация тўлаш, барча зарарни қоплаш ва айбдорларни кечирим сўрашга мажбур қилиш керак!» — деди у.