Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм марказининг мастер-режаси тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Чорвоқ сув омбори бўйида Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм маркази қурилиши ҳақида аввал хабар берилган эди. Бу галги тақдимотда ушбу йирик лойиҳанинг бир нечта хорижий компаниялар иштирокида ишлаб чиқилган мастер-режаси кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, туризм марказини 10 та кичик ҳудудга бўлиб қуриш кўзда тутилмоқда. Уларнинг ҳар бири пиёда бориш мумкин бўлган кўнгилочар маскан ва хизматларни қамраб олади. Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилади. Сув бўйида хиёбон, пляж ва дам олиш жойлари бўлса, қияликларда меҳмонхоналар, коттежлар, уйлар, ресторан ва томошагоҳлар бўлади. Шунингдек, маданият, таълим, тиббиёт, спорт масканлари барпо этилади. Яъни бу ерда фақат саёҳат эмас, балки йил давомида яшаш имконияти ҳам яратилади.

Давлат раҳбари бу лойиҳа барча ташриф буюрувчиларга қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, туризм марказини қуриш лойиҳаси 10 млрд долларга баҳоланмоқда. Унинг лойиҳасини 2024 йил 16 декабрь куни озарбайжонлик ишбилармон Эмин Агаларов президентига тақдим этганди.

Sea Breeze — 2006 йилда Эмин Агаларов томонидан ташкил қилинган, 500 гектар майдонда жойлашган премиум денгиз бўйидаги курорт ва қирғоқ мажмуаси. Дам олиш маскани Каспий денгизи соҳилида, Боку марказидан ярим соатлик масофада жойлашган.

Эмин Агаларов россиялик тадбиркор Араз Агаларовнинг ўғли ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг собиқ куёви. 2006 йилнинг 30 апрелида у президентнинг тўнғич қизи Лейла Алиевага уйланган ва 2015 йилда ажрашган. У мусиқа оламида Эмин тахаллуси билан ҳам танилган.