Road24 ва ЙҲХХ ўртасидаги йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисида маълумот алмашинуви батамом тўхтатилди, дея хабар берди ЙҲХХ матбуот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев.
Йўлдошев Road24 ўрнига янги Safe Road иловаси ишлаб чиқилганини маълум қилди. Янги иловада, худди аввалгисидек, жарималардан ташқари, тонировка, суғурта муддати, техник кўрик ҳақида маълумотлар тақдим этилади.
Бундан ташқари, автомобилни давлат рўйхатидан ўтказиш, ишончнома расмийлаштириш, автомобилга тақиқ бор ёки йўқлигини текшириш, электрон навбат каби хизматлардан фойдаланиш мумкин.
«Dunyouzbeklari.Com»нинг нима учун илова ва ЙҲХХ ўртасида маълумот алмашинуви тўхтатилгани ҳақидаги саволига Зойир Йўлдошев «Яхши ишламагани учун», дея жавоб берди. Унинг қўшимча қилишича, тез орада Safe Road иловасига янги хизматлар қўшилади.
Ушбу хабардан сўнг Road24 ўз Telegram каналида янги илова Road24’нинг нусхаси эканини билдириб чиқди.
«Янги илова қилдик дейишмоқда, лекин нимаси янги? Ҳеч нарсаси, Road24’дан олишди кўчиришди. Road24 иловаси тез кунда янгиланади сизлар учун янада қулай имкониятлар яратилади. ЙҲХХ ва ИИВ га келсак, давлат ташкилоти бўлиб ҳаммага тенг имкон бериш ўрнига дадаси кучли шунга йўл беради. Эски замонлар қайтди», — дейилади Road24 хабарида.
Xo‘jayin Telegram каналининг маълум қилишича, Road24 «Kash App» МЧЖга тегишли бўлиб, корхона 2016 йил 17 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фонди — 165,4 млн сўм. Раҳбар сифатида Фаткулина Линиза Халиловна кўрсатилган. Фирманинг 90 фоиз улушига Хасанова Наима Мухаммаджоновна, қолган 10 фоиз улушга эса Фаткулина Линиза Халиловна эгалик қилади.
Safe Road иловасининг оммавий оферта бўлимидан унинг эгасини аниқлаб бўлмаган. Шундай бўлсада, App Store’да «AUTODOC» МЧЖ номидан илова тақдим этилган. Ушбу корхона 2022 йил 27 июнь куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фонди — 500 минг сўм. Раҳбар сифатида Содиқов Сайёдбек Сиддиқжон ўғли кўрсатилган. Фирманинг 100 фоиз улуш билан таъсисчиси Каримов Билол Баҳодир ўғли ҳисобланади.