Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган Human Capability Initiative 2025 халқаро форумида Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ўртасида 40 млн долларлик грант шартномаси имзоланди.

Вазир Ҳилола Умарованинг Telegram каналида ёзишича, Саудия Арабистони валиаҳди, бош вазири Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳомийлигида ҳар йили ўтказиладиган ушбу тадбирда дунёнинг турли нуқталаридан келган иштирокчилар таълим, иқтисодиёт, технология соҳасидаги муаммолар, уларга инновацион ечимлар топишга қаратилган масалаларни муҳокама қилади. Марказий Осиё давлатлари орасида тадбирга фақат Ўзбекистон таклиф этилган.

грант, ислом тараққиёт банки, итб, ммтв

ИТБ президенти Муҳаммад ал-Жассар вазир билан учрашувда банк келажак авлод учун яхшироқ таълим имкониятлари яратишда Ўзбекистон ҳукуматининг ишончли ҳамкори бўлишдан мамнунлигини қайд этди.

Учрашув натижасида Global Partnership for Education (GPE) томонидан таълим соҳасига грант шартномаси имзоланди.

Лойиҳанинг асосий йўналишлари эса қуйидагича:

  • республика бўйича 58 та янги инклюзив мактаб қуриш;
  • мактабларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш;
  • ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича дастурлар;
  • инклюзив таълимни ривожлантириш;
  • ўқув дастурларини такомиллаштириш;
  • мактабгача таълим сифатини ошириш.

Аввалроқ Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда таълим ва йўл инфратузилмасини яхшилаш учун қарийб $300 млн ажратиши хабар қилинганди.