• Сб. Апр 19th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Судьялар олий кенгаши ва Effect.uz можароси илк бор судда кўрилди. Асосий маълумотлар


Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров тақдимномасига асосан, Effect.uz интернет нашри раҳбари Акмал Эшонхоновга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар судга оширилди. Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида судья Жаҳонгир Саидов томонидан кўриб чиқилмоқда. «Dunyouzbeklari.Com» мухбири жараённи ўрганди.

Воқеа ҳақида

2025 йилнинг 6 февраль куни Effect.uz нашрида «Судьяларнинг нафси ҳакалак отганми ёҳуд Ёдгоров ва Исломов тизгинни йўқотдими?» номли мақола эълон қилинганди. Унда судьялар томонидан пора олиш жиноятининг содир этилишига қандай унсурлар сабаб бўлаётгани, бунга ким айбдорлигига жавоб изланади. Судьялар Олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан муносиб судьяларни тайинлаш ишлари етарлича амалга оширилмаётгани айтилади.

«Чунки Холмўмин Буврабоевич кадрларни танлашда уларнинг билимига, қанчалик адолатли эканига эътибор бермайди. Ёдгоров ўз истаги билан номзодларни судьяликка лойиқ деб топиб, одил судловни, яъни суд тизимининг обрўсига путур етказмоқда», — дейилади мақолада.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати шу куннинг ўзидаёқ мазкур материалга муносабат билдирган, унда мақола бир ёқлама ва етарли асосларга эга бўлмаган ҳиссиётли мулоҳазалардан иборатлиги, судьялар ҳамжамияти фаолияти, раҳбарияти ва аъзоларини обрўсизлантириш мақсадида ёзилгани кўрсатилган. «Мукаммалликка даъво йўқ, бироқ нохолисликка ҳам тоқат қилинмайди», — деган кенгаш.

Маълумот сифатида қайд қилинишича, судьялик лавозими учун тайинловлар бир эмас, уч босқични талаб қилади. Яъни номзод, аввало, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъати томонидан тавсия этилади. Иккинчи босқич — тавсия этилган номзод бўйича Судьялар олий малака ҳайъати хулосаси шарт. Учинчи босқич — кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг очиқ танлов шаклидаги қўшма йиғилиши бўлиб, унинг якуни бўйича тегишли қарор коллегиал қабул қилинади.

«Бироқ очиқлик, шаффофлик ва сўз эркинлиги каби омилларни очиқ суиистеъмол қилиш, бир тарафнинг манфаатида суд органларига турли шаклда босим ўтказишга уриниш, бунинг оқибатида аҳолида судьялар ҳамжамиятининг конституцион органи ҳамда тизимга нисбатан ишончсизлик эҳтимолини юзага келтирилаётган ҳолатга ҳам тоқат қилиб бўлмайди. Демак, оммавий ахборот воситасидаги бундай „сенсацион“ чиқишга ҳуқуқий баҳо бериш эҳтиёжи юзага келган», — деганди идора.

«Саволларга жавоб нақд!»

2025 йилнинг 15 февраль куни Effect.uz сайтида Судьялар олий кенгаши ахборот хизматининг 6 февраль кунги муносабатига нисбатан «Холмўмин Ёдгоровга саволлар бор…» номли иккинчи материал эълон қилинди. Унда Судьялар Олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига тавсия этишга нолойиқ деб топилган бир қанча номзодлар кенгаш томонидан лойиқ деб топилиб, турли даражадаги судьялик лавозимларига тайинлангани ва улар ҳозирда судьялик ваколатларини давом эттираётгани баён қилинган. Мисол тариқасида бир қанча судьялар исм-фамилияси ва лавозими қўшимча қилинган.

Бундан ташқари, MY5 телеканали мухбири Рухсора Ғофурова тайёрлаган материал қаҳрамони, яъни фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзи ўзлаштиргани айтилган Халқ банкининг Жиззах вилояти филиали собиқ ходимаси Б.Г.нинг турмуш ўртоғи Олий суд судьяси Ш. Болиев экани, унинг лавозимга тайинланиши ҳақида ҳам Холмўмин Ёдгоровнинг ҳиссаси борлиги ҳақида гап-сўзлар урчигани таъкидланган. Болиевнинг тайинлови бўйича Судьялар олий кенгаши раисида фикрлар бўлса, нашр Ёдгоровга минбар беришга тайёрлигини қўшимча қилган.

Орадан 3 кун ўтиб, Судьялар олий кенгаши «Саволларга жавоб нақд!» сарлавҳали жавобни эълон қилди. Муносабатда нашрнинг мақоласи навбатдаги ахборот хуружи экани, буни сўз эркинлигининг амалдаги ифодаси деб бўлмаслиги таъкидланган. «Чунки сўз эркинлигининг бош мезони холислик, тарқатилаётган ахборот учун масъулиятни зиммага олиш ва айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиш ҳисобланади. Мақолада ушбу ҳуқуқий ва ахлоқий талабларнинг акси кўринади», — дейилади кенгаш муносабатида.

«…ваколат муддати якунига етган судьяларнинг кейинги тақдири билан боғлиқ сунъий мавҳумликларга барҳам берилдики, бу турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган кескин чоралардан бири аслида! Натижада ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда маълум вақт «мажбурий танаффус»да юрганлар учун судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказиладиган очиқ танловда иштирок этишга реал имкониятлар юзага келди. Нима дейсизки, мақолада айни имконият сабаб тизимга қайтган айрим судьялар тилга олиниб, уларнинг тайинлови шубҳа остига қўйилади. Нохолислик, масала моҳиятини тушунмаслик, қандайдир таъсирларга берилиб, ахборотдан қурол сифатида фойдаланиш эмасми шу?!» — дея қўшимча хабарда.

«Энг ёмони, нотўғри талқин, ҳар нарсани калта қарич билан ўлчаш номи тилга олинганларнинг шаъни ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказишдан ташқари дахлсизлик ҳуқуқига ҳам соя солади ва бу кенгаш ваколати доирасида керакли чоралар кўришига оид масалани яна бир бор кун тартибига чиқаради», — дейилганди муносабатда.

Судьялар олий кенгаши раисидан тақдимнома

Effect.uz сайтида бу мавзуда илк материал эълон қилинган 6 февралдаёқ Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров муаллифнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдимнома киритган.

Таъкидланишича, «Судьяларнинг нафси ҳакалак отанми ёхуд Ёдгоров ва Исломов тизгинни йўқотдими?» сарлавҳали мақолада судьялар олий кенгаши, раҳбари ва аъзоларининг ишчанлик обрўсига путур етказувчи, бирон-бир ҳуқуқий асосга эга бўлмаган маълумотлар баён қилинган.

«Нашрнинг ижтимоий тармоқлардаги ахборот манбаларида суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигига акс таъсир қилувчи бир ёқлама ва етарли асосларга эга бўлмаган материаллар кенг ўрин тутмоқда. Уларга кенгаш томонидан муносабат билдирилиб, қонун нормаларига риоя этишга чақириқларга қарамай, электрон нашр ходимлари томонидан суд ишларига аралашув, судга ҳурматсизлик ифодаланган ахборотлар тарқатилиши давом этиб келмоқда», — дейилади тақдимномада.

Судланувчи Акмал Эшонхоновнинг адвокати Жавлон Тошмуродовга кўра, Бош прокуратура сўрови билан Ички ишлар вазирлиги томонидан Судьялар олий кенгаши раиси тақдимномасида кўрсатилган важлар бўйича суриштирув ишлари ўтказилган. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги республика суд-экспертизаси мутахассисларининг суд-лингвистика экспертизаси бўйича хулосалари олинган.

Унга кўра, Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан Effect.uz раҳбари Акмал Эшонхоновга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган. Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига оширилган.

Суд очиқ, аммо жараённи тасвирга тушириш мумкин эмас

14 апрель куни ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик биринчи инстанция судида кўриб чиқилди. Унда судланувчи Акмал Эшонхоновнинг икки адвокати ҳамда жараённи ёритишга борган ОАВ вакиллари — «Dunyouzbeklari.Com», Daryo, Effect.uz нашрлари, Zo‘r TV телеканали вакиллари ҳамда блогерлар қатнашди. Судьялар олий кенгаши томонидан вакиллар иштирок этмади.

Судья суд мажлисини очиқ деб эълон қилди, аммо жараёндан фото, видео олиш ҳамда аудио ёзиб олиш тақиқланди. Адвокатлар томонидан илтимоснома киритилмасидан олдин бундай қарорга келингани судланувчи ҳимоячиларида судьянинг мазкур ишни холис кўриб чиқишига шубҳа уйғотди ҳамда улар судьяни алмаштириш бўйича раддия берди. Бироқ судья Жаҳонгир Саидов адвокатларнинг раддиясини рад этди.

Суд мажлисида судланувчи Акмал Эшонхоновнинг кўрсатмалари тингланди. У нашрда чиққан икки мақолани ўзи ёзмагани, унинг судга берилиши очиқлик сиёсатига зид эканини, муаллиф кимлигини ошкор қилолмаслигини таъкидлади.

Суд ишга оид ҳужжатлар етарли эмаслиги сабабли 16 апрелгача танаффус эълон қилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *