Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали бир кун аввал Meduza нашри эълон қилган хат юзасидан муносабат билдирди.

13 апрель куни нашр «Уруш ўқувчилар нигоҳида» рукнида мазкур филиал талабасидан келган дея бир хатни эълон қилганди. «Энди ҳар ҳафта университетда бизга маърузалар ўқишмоқда, уларда кекса авлод вакили бизга „СВО“ („махсус ҳарбий операция“ — таржима) ва Россия Федерациясининг жасур қўшинлари ҳақида сўзлаб беради… Бу — сафсата, бу — бемаънилик. Украинадаги урушга биз — мустақил Ўзбекистон ёшларининг қандай алоқамиз бор?» — деган талаба. Унинг шахси ҳақида гап кетаркан, фақатгина Муҳиджон исми маълум.

Олийгоҳ вазиятга муносабат билдираркан, «тегишли ўрганиш ишлари олиб борилгани ва мурожаатда номи тилга олинган шахс филиал талабалари таркибида мавжуд эмаслиги аниқланганини» таъкидлади.

«Мурожаатда келтирилган, дарс жараёнларидаги „тарғибот ишлари“ ҳақидаги маълумотлар асоссиз экани, яъни улар ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланди. Филиалда таълим жараёни белгиланган ўқув режаси ва фанлар дастури асосида ташкил этилган», — дейилади хабарда.

Филиал маъмурияти оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка доимо тайёр эканинини айтиб, ОАВ ва жамоатчилик вакилларидан тасдиқланмаган, бир томонлама маълумотларни тарқатмасликни ва расмий манбаларга таянишни сўради.