Uzbekistan Airways авиакомпаниясига йўловчига махсус овқат тақдим этмагани учун чора кўрилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қайд этилишича, Рақобат қўмитасига Туркия фуқароси томонидан Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Анқара-Тошкент йўналишидаги парвози юзасидан мурожаат келиб тушган. Унда йўловчининг соғлиғи учун муҳим бўлган глютенсиз овқат тақдим этилмагани таъкидланган.

Мурожаатга кўра, йўловчи чипта харид қилиш жараёнида соғлиғи билан боғлиқ ҳолатни олдиндан авиакомпанияга маълум қилган ҳамда парвоз вақтида махсус овқат тақдим этилиши кафолатланган. Бироқ, белгиланган кунда бу талаб бажарилмаган.

Шунингдек, самолёт салонининг санитария-гигиена ҳолати юзасидан ҳам эътироз билдирилган. Йўловчи ўтирган жойда аввалги парвоздан қолган чиқиндилар мавжуд бўлгани қайд этилган.

Рақобат қўмитаси томонидан авиакомпанияга юборилган сўровга асосан ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра, мурожаатдаги ҳолатлар ўз тасдиғини топди. Махсус овқат Анқара аэропортидаги катеринг хизмати томонидан етказиб берилмагани аниқланган.

Ҳолат юзасидан йўловчининг ҳуқуқларини тиклаш мақсадида авиакомпания томонидан навбатдаги парвозда унга хизмат кўрсатиш классини бизнес-классга ошириш қарори қабул қилинди. Шу орқали йўловчининг манфаатлари ҳимоя қилинди.

Бундан ташқари, самолёт салонидаги санитария-гигиена талаблари юзасидан жавобгар ташкилотга нисбатан қўшимча назорат чораларини кучайтириш белгиланди.