Ўзбекистонда Хитойнинг Leapmotor автомобиллари савдосига шартлар асосида рухсат берилди. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси матбуот хизмати хабар қилди.
2025 йилнинг март ойида Хитойнинг Leapmotor товар белгили C16 автотранспорт воситасида аниқланган номувофиқликлар сабаб уларни сертификатлашга аризалар қабул қилиш тўхтатилган эди.
Ушбу масала юзасидан Хитойнинг Zhejiang Leapmotor Technology Co. LTD компаниясига UzTest томонидан мурожаат билан чиқилган ва унинг натижасида 2025 йилнинг 7 апрелида Гу Живен бошчилигидаги компания вакилларидан иборат делегация аъзолари UzTest’га ташриф буюрган ҳамда вужудга келган вазият компания масъуллари билан муҳокама қилинган.
Компания томонидан Leapmotor товар белгили C16 русумли 2 та автотранспорт воситаси Ўзбекистонга импорт қилинди ҳамда 2025 йилнинг 14 апрель куни UzTest’нинг Пискент туманида жойлашган «Электромагнит мослашувчанлик синов лабораторияси»да Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10-сон қоидаларида белгиланган тартибда қайта синовлардан ўтказилди.
Ўтказилган такрорий синовлар якунида компания томонидан импорт қилинган Leapmotor товар белгили C16 русумли автотранспорт воситаси БМТнинг 10-сон қоида талабларига мувофиқ топилди ҳамда Leapmotor компаниясига қуйидаги шартлар асосида мазкур товар белгили автотранспорт воситаларини республикада муомалага чиқарилишига рухсат берилди.
Шартлар:
- Leapmotor товар белгили автотранспорт воситасининг номувофиқлиги аниқланганда уларни бартараф қилувчи ҳамда истеъмолчига етказилган зарарни қопловчи ишлаб чиқарувчининг расмий вакили — Ўзбекистонда резидент ҳисобланган юридик шахсни белгилаш.
- Республикага импорт қилинаётган Leapmotor товар белгили барча автотранспорт воситаларининг турини маъқуллаш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш.
- Leapmotor товар белгили автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилаётган корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари ва шартларини ўрганиш ва баҳолаш.
Аввалроқ ноябрь ойидан бошлаб Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги импорт қилинадиган автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш тартибини ўзгартиргани ҳақида батафсил ёзгандик. Олиб кирилаётган транспорт воситалари божхона ҳудудида эмас, балки электромагнит мослашувчанлик текшируви жорий этилган полигонда синовдан ўтказилади.
Янги тартиб расмий дилер бўлмаган жисмоний шахслар ва хусусий тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автомобилларга нисбатан татбиқ этилади. Синовлар агентликнинг шуъба корхонаси — UzTest томонидан ўтказилади, бу эса айрим бозор иштирокчиларининг фикрича, манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, жамоатчилик вакиллари содир бўлаётган воқеаларни бозорни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фойдасига тозалашга уриниш деб баҳолади. Блогер Умид Гафуров Европада ҳам сотилаётган Leapmotor`нинг Ўзбекистонда «камчилиги» топилганидан ҳайратда эканини, Ўзбекистонда 30 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган Damas модели эса «савол туғдирмаслигини» айтди.