• Сб. Апр 19th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Журналист Рамина Ягафарованинг ўлими юзасидан икки шифокор уй қамоғига ҳукм қилинди



7 апрель куни Тошкент шаҳри Чилонзор туман судида 2024 йил 14 октябрь куни 31 ёшида вафот этган журналист Рамина Ягафарова иши юзасидан суд бўлиб ўтди. «Dunyouzbeklari.Com» суд ҳукмини ўрганди.

Судда Doctor Service клиникаси шифокорлари Ўткирбек Камолиддинов ва Акмал Каримов тиббий ёрдам кўрсатишдаги хатоликлари оқибатида бемор ўлимига сабабчи бўлган, деган хулосага келинган.

Суд материалларига кўра, воқеа 2023 йил 12−13 сентябрь кунлари содир бўлган. Бемор Рамина Ягафарова клиникага ўз онасини кўргани келган ва ўша ерда ўзи билан олиб келган антибиотик — «Тайгерон» (левофлоксатсин) препаратини ичганидан сўнг ўткир аллергик реакция — анафилактик шок ҳолатига тушиб қолган.

Қайд этилишича, шифокор Камолиддинов Рамина Ягафарованинг аҳволи оғирлиги, карахт ҳолатда экани, анафилактик шок ҳолати яққол кўриниб турганига қарамасдан, унга «дори воситаларидан анафилактик реакция» ташхисини нотўғри қўйиб, дастлабки даво чораларини патогенетик йўналишга мос бўлмаган усулда олиб борган.

Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланган «Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол»да бундай беморга инсон организми ички аъзолари фаолиятини тикловчи «Эпинефрин» (адреналин) дори воситаси қўлланиши тўғридан-тўғри кўрсатилганига қарамасдан, шифокор мазкур дори воситасини қўллашни буюрмаган.

Бундан ташқари, Камолиддинов Ягафаровага сўроқ остида пневмония ташхисини қўйган бўлса ҳам, рентген текширувлари ўтказиб, пневмония ташхиси бор ёки йўқлигига аниқлик киритмаган. Қолаверса, бемордаги анафилактик шок ҳолатини бартараф этиш, унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда даво усулини танлаш мақсадида аллерголог ва терапевт мутахассисларининг маслаҳатини олмаган.

Ушбу касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда анафилактик реакцияни янада кучайтирувчи қарши кўрсатмалари бўлган «Кальций глюконат» дори воситасини ҳамда қориндаги кучли оғриқни қолдириш мақсадида таркибида «наркотик» моддаси бўлган «Промедол» дори воситасини қўллашни буюрган.

Ваҳоланки, «Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол»да бундай ҳолларда қандай дори юборилиши белгиланган бўлса-да, шифокор бунга амал қилмасдан, анафилактик шок ташхисининг асосий белгиларидан бири — қоринда кучли оғриқ бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган ва «Эпинефрин» (адреналин) дори воситаси қўллаш орқали ушбу оғриқ бартараф бўлиши, бемор Ягафарова дори воситасининг аллергик реакцияси натижасида анафилактик шок ҳолатига тушиб, қўшимча турли дори воситалари унга қўшимча равишда аллергия бериши мумкинлигини бепарволиги ҳисобига эътибордан четда қолдирган. У тўғридан-тўғри анафилактик шок ҳолатида қўлланмайдиган 400 мл дозада «Натрий гидрокарбонат» дори воситасини қўллаган.

Суд ҳукмида «шифокор Судда клиника шифокорлари томонидан ўз касбига бепарволик ва виждонсизларча муносабатда бўлиши» оқибатида бемор 12 соат вақт мобайнида қаровсиз қолиб кетгани ҳам келтириб ўтилган.

Шифокор Акмал Каримов эса Ягафаровани умумий оғир аҳволда қабул қилиб олган ҳамда бош шифокор М.И. билан биргаликдаги кўрикда унга «анафилактик шок» ҳамда қариндошлари сўзидан «тутқаноқ синдроми» ташхисини қўйган. У Ягафарованинг аҳволи оғир бўлса ҳам, уни анафилактик шок ҳолати бўйича даво муолажаларини олиб боришга ихтисослаштирилган муассасага кўчириш чораларини кўрмаган. Беморнинг тиббий картасига «бемор ва унинг қариндошларига ихтисослаштирилган даволаш муассасасига кўчириш таклиф қилингани, бироқ бемор ва унинг қариндошлари бунга розилик бермагани» ҳақидаги ёзувларни киритиш билан чекланган.

Каримов ҳам Ягафаровага мазкур касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда қарши кўрсатмаларга эга бўлган «Натрий тиосулфат» ҳамда «Кальций глюконат» дори воситаларини қўллашни буюрган.

Шифокорлар Ўткирбек Камолиддинов ва Акмал Каримов бемор Рамина Ягафаровага тиббий ёрдам кўрсатиш давомида «Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол» талабларига зид равишда тиббий нуқсонларга йўл қўйган. Бунинг оқибатида беморнинг умумий аҳволи оғирлашган ва тутқаноқ хуружи содир бўлган. Сўнгра журналист юқори нафас йўллари овқат массалари билан беркилиши оқибатида механик асфиксия-аспирацион синдромдан вафот этган.

Ҳукм

Суд ҳукми билан Ўткирбек Камолиддинов ва Акмал Каримов Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлишига сабаб бўлса) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди.

Уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ой муддатга соғлиқни сақлаш тизимида реаниматолог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда ишлаш ёки ўқиш вақтидан, шунингдек иш ёки ўқиш жойига бориши ва уй-жойига қайтиб келиши учун зарур бўлган вақтдан ташқари қолган вақтда яшаш жойини тарк этишини чеклаш орқали 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, Ўткирбек Камолиддинов ва Акмал Каримовдан солидар тартибда жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 334 миллион 150 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланди.

29 июнь куни «Dunyouzbeklari.Com» суд-тиббий экспертиза хулосасига таяниб, Рамина Ягафарованинг ўлимига шифокорлар хатоси бўлиши мумкинлигини ёзган эди. Хусусан, ўлимнинг асосий сабаби нафас йўлларининг озиқ-овқат массалари билан тўсиб қўйилиши ва юборилган дори-дармонларнинг ножўя таъсири ўлимни тезлаштирган омиллардир, деганди мутахассислар.

Даставвал, марҳумнинг синглиси Диана Иртуганова ва адвокат Шуҳрат Қаюмов берган маълумотларга кўра, Чилонзор туман прокуратураси жиноят ишини қўзғатишдан бош тортган. Қарор 2024 йил 15 октябрда яъни 13 сентябрда бошланиб, 1 ноябрда якунланган дастлабки суд-тиббиёт экспертизаси якунланишига икки ҳафта қолганда қабул қилинган.

Кейинроқ Бош прокуратура Чилонзор туман прокуратурасининг Ягафарованинг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорини ўрганишини маълум қилган ва жиноий иш қўзғатилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *