• Сб. Апр 19th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Трамп маъмурияти АҚШдан бир млн муҳожирни депортация қилмоқчи — WP – Dunyouzbeklari.Com



АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти у ҳокимиятга келганининг биринчи йилида 1 миллионгача муҳожирни депортация қилмоқчи, деб ёзди Washington Post собиқ ва амалдаги федерал амалдорларга таяниб.

Бу кўрсаткич Барак Обама (2009 йилдан 2017 йилгача АҚШ президенти бўлган) маъмурияти даврида ўрнатилган йилига 400 минг депортация бўйича аввалги рекорддан ошиб кетди, дея таъкидлайди газета.

Нашрнинг ёзишича, таҳлилчилар молиялаштириш даражаси ва иммиграция хизматларида ходимлар сони етарли эмаслигини ҳисобга олиб, бу кўрсаткични ҳақиқатга тўғри келмайди, деб ҳисобламоқда. Бундан ташқари, аксарият муҳожирлар судга мурожаат қилиш ва ўзларининг чиқариб юборилишига эътироз билдириш ҳуқуқига эга.

Президент маслаҳатчиси Стивен Миллер деярли ҳар куни Ички хавфсизлик вазирлиги ва бошқа федерал идоралар расмийлари билан ушбу мақсадга эришиш стратегиясини муҳокама қилмоқда. Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, улар суднинг депортация тўғрисидаги якуний қарорлари мавжуд бўлган 1,4 миллион кишининг бир қисмини депортация қилиш йўлини топмоқчи, аммо уларни чиқариб юборишнинг иложи йўқ, чунки уларнинг ватанлари бу одамларни қайта қабул қилмайди.

Газета манбаларининг таъкидлашича, Трамп маъмурияти камида 30 та давлат билан уларнинг фуқаролари бўлмаган, депортация қилинган муҳожирларни қабул қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Аввалроқ Wall Street Journal Оқ уй Африка, Осиё ва Шарқий Европанинг бир қанча давлатлари билан муҳожирларни қабул қилиш бўйича келишувлар тузишга уринаётгани ҳақида ёзганди. Номзодлар орасида Ливия, Руанда, Молдова, Мўғулистон ва Косово бор.

Трамп маъмурияти Ички хавфсизлик статистикаси бошқармасининг ойлик ҳисоботини эълон қилишни тўхтатгани сабабли АҚШдан қанча одам депортация қилинганини кузатиш қийинлашди, дея таъкидлайди WP. Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триши Маклафлиннинг сўзларига кўра, март ойи охиридаги ҳолатга кўра, АҚШдан 100 мингдан ортиқ муҳожир чиқариб юборилган, бироқ улар орасида мамлакат ичида ҳибсга олинганлар ҳам, чегарада қўлга олинганлар ҳам бор.

Февраль ойида АҚШ ҳукумати бир неча Осиё мамлакатларидан, жумладан, Ўзбекистондан юзлаб муҳожирларни Панама ва Коста-Рикага депортация қилганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *