Сўнгги 20 йил ичида Париж автомобиллар ҳаракатини чеклаш, яшил ҳудудлар ва велосипед йўлаклари учун жойларни бўшатишни ўз ичига олган экологик сиёсат туфайли ҳавонинг ифлосланишини сезиларли даражада камайтирди, деб ёзмоқда Washington Post.
Париждаги PM 2,5 ўртача концентрациясининг 2007, 2014 ва 2023 йиллардаги қиёси. Инфографика: Airparif / Washington Post.
Франция пойтахтидаги ҳаво сифати мониторинги билан шуғулланувчи Airparif мустақил ташкилоти маълумотларига кўра, Парижда майда қаттиқ заррачалар (PM 2,5) даражаси 2005 йилдан бери 55 фоизга, азот диоксиди даражаси эса 50 фоизга камайган.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай яхшиланишларга «тартибга солиш ва давлат сиёсати», жумладан, атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирувчи автомобиллар ҳаракатини чеклаш ва транспорт воситаларини тақиқлаш чоралари туфайли эришилди.
2007 — 2024 йилларда Париждаги азот диоксиди ўртача концентрациясинининг қиёси. Инфографика: Airparif / Washington Post.
Парижнинг 20 йил олдинги иссиқлик хариталари шуни кўрсатадики, шаҳарнинг ҳар бир туманида транспорт ва саноатда ёнилғи ёнишидан ҳосил бўладиган азот диоксиди концентрацияси Европа Иттифоқи томонидан рухсат этилган миқдордан ошиб кетганди. 2023 йилга келиб, «қизил ҳудуд» бутун шаҳар бўйлаб ва унинг атрофида энг гавжум йўллар ва автомагистралларни ифодаловчи ингичка чизиқлар тармоғига айланди.
«Ушбу ўзгариш улкан сиёсий қарорлар йирик шаҳарларда соғлиқни тўғридан-тўғри яхшилаши мумкинлигини кўрсатади», — дейилади материалда. Нашрнинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислар кўпинча ҳавонинг ифлосланишини «овозсиз қотил» деб аташади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти PM 2,5 ва азот диоксиди таъсири юрак хуружи, ўпка саратони, бронхит ва астма каби жиддий соғлиқ муаммоларини келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантиради.
2014 йилдан бери Франция пойтахтига «яшил» сиёсатни фаол илгари сураётган Анн Идальго раҳбарлик қилмоқда. 2020 йилги қайта сайланиш кампаниясида унинг дастурининг шиори «Париж яшаш учун. Париж нафас олиш учун» бўлганди.
Унинг Париждаги фаолияти давомида бир нечта референдумлар бўлиб ўтди. 2025 йил март ойида парижликлар ҳокимиятнинг шаҳардаги яна 500 та кўчани пиёдалар йўлига айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. 2023 йилда пойтахт аҳолиси электр самокатларни ижарага бериш хизматларини тақиқлаш, 2024 йилда эса йўлтанламаслар учун автотураргоҳ нархини уч баравар ошириш учун овоз берганди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев март ойида Францияга давлат ташрифи чоғида Анн Идальго билан учрашув ўтказди. Тошкент ва Париж ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, шаҳарсозлик соҳасида тажриба алмашиш, «яшил» ҳудудларни яратиш, жамоат транспортини ривожлантириш, рақамлаштириш, шунингдек, шаҳар коммуникацияларини модернизация қилиш ва барқарор ишлатиш масалалари муҳокама қилинганди.