• Сб. Апр 19th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Янги Андижон шаҳарчасидаги илк биноларни бориб кўрди


Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни Янги Андижон шаҳарчаси лойиҳасининг илк натижаларини бориб кўрди, ҳудуд бўйлаб юриб, янги мажмуаларни кўздан кечирди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Андижон — Ўзбекистондаги аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд; Ўзбекистоннинг 10 фоиз аҳолиси 1 фоиз ерида яшайди. Шу боис давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда янги шаҳар қурилиши бошланган эди.

Ушбу шаҳар Андижон туманидаги адирликда, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган 4 минг гектар майдонда қурилмоқда. Қурилиш саккиз босқичда режалаштириган бўлиб, ҳозирда 1770 та хонадонли 63 та уй фойдаланишга топширилган. Шунингдек, 1680 ўринли мактаб, 420 ўринли болалар боғчаси, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилган. Енгил саноат корхонаси, ипотека маркази ташкил этилган.

Тайёр хонадонларнинг кўпчилигига оилалар кўчиб келган. Ишлар давом эттирилиб, бу йил мингдан зиёд хонадонли яна 40 та кўп қаватли уй қурилади.

Иншоотлар йўл, электр энергияси, табиий газ, сув, иссиқлик каби зарур тармоқлар билан таъминланган. Ичимлик суви етказиб бериш учун сиғими тўрт минг метр куб бўлган сув сақлаш ва узатиш иншооти ишга туширилган.

19 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи қурилиб, ўн минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари, бута ва гуллар экилган. У Амфитеатр, дам олиш жойлари, декоратив йўлаклар, кафелар, болалар ўйингоҳи, ёритиш тизимларига эга. Бу ерда «Ватанпарвар боғи», «Ватанга қасамёд» монументи, музей, концерт ва томоша майдонлари мавжуд.

Ҳудуднинг 1439 гектарида 2 мингта кўп қаватли турар жой қурилади. Шунингдек, кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, 1820 гектарда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Қурилишлар битгач, бу ерда 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин бўлади.

янги андижон, андижон

Шу ерда янги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Унга кўра, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи таъмирланади. Янги Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали ўрнатилади. Президент бунда Бобурнинг сиймосини ҳаққоний акс эттириш, атрофини бобурийлар мероси бўйича тематик паркка айлантириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Давлат раҳбари янги боғда ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмаларини томоша қилди. Андижонда ҳар йили рассомлар фестивалини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Президент ҳудудга ташрифи доирасида Янги Андижон шаҳарчасига Заҳириддин Муҳаммад Бобур шарафига Бобур шаҳри номини беришни таклиф қилди. «Нега деганда, ҳазрати Бобур — шундай улуғ зотки, унинг шарафига нафақат кўча ва майдонлар, балки алоҳида шаҳар бунёд этсак, албатта, арзийди», — деди у.

янги андижон, андижон

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоятидаги Янги Андижон шаҳри 4 минг гектар майдонда барпо этилмоқда. Унинг қурилишига Шавкат Мирзиёев 2021 йилда тамал тошини қўйганди. «Dunyouzbeklari.Com» бўлажак шаҳарнинг чизма ва макетларини эълон қилган. Ўтган йил апрелида Янги Андижон шаҳрида инвестиция маблағлари асосида 4 гектар майдонда вилоят ҳокимлиги биносини қуриш ишлари бошланган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *