• Вт. Апр 22nd, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Туркияда қаровсиз қолган вояга етмаган қиз Ўзбекистонга қайтарилди 


Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қиз Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди. 

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасига келиб тушган маълумотлар асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган қизни ватанга қайтариш чора-тадбирлари бошланган.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари натижасида вояга етмаган қиз 15 апрель куни Тошкент халқаро аэропортида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул ходимлари томонидан кутиб олинди.

Ҳозирда у Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилди. Жойлаштиришнинг муқобил шакли белгилангунга қадар қизга ушбу марказда зарур ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

Вояга етмаган болаларнинг доимий рўйхатдан ўтган жойидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари олиб келинаётган болаларни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрмоқда.

Хориждан Ўзбекистонга қайтарилган болалар

2024 йил август—сентябрь ойларида хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 34 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Октябрь ойида Россияда қаровсиз қолган 8 ойлик чақалоқ Ўзбекистонга, ота-онаси бағрига қайтарилди. Москвадаги вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказидан 4 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинди. Ўша ойда Туркияда ота-онасининг қаровисиз қолиб кетган уч нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди. Ноябрда Дубайни тарк этиш тақиқланган ўзбекистонлик болага ватанга қайтишига ёрдам берилди. Декабрда Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. 

Шунингдек, Россиянинг Тива Республикаси Оқ Довурак шаҳрида вақтинча ишлаётган ва ҳужжатларини йўқотган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилганди. 



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *