• Вт. Апр 22nd, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тизими жорий этилди



14 апрелда «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун [ЎРҚ-1056-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қонун қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқаришда қуйидаги бир ёки бир неча таваккалчиликлар бўйича қишлоқ хўжалиги суғуртаси шартномаларини тузади:

  • табиий ва техноген офатлар;
  • ёнғин;
  • ўсимликларнинг зараркунандалар ва касалликлардан зарарланиши;
  • қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг юқумли касалликлари тарқалиши ва заҳарланиши;
  • ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши;
  • учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари.
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу соҳада мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги суғуртасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш суғурта мукофотларининг бир қисмини ҳамда етказилган зарарнинг суғурта мукофотлари ва қайта суғурта қилиш маблағлари ҳисобидан компенсация қилинмаган қисмини қоплаш учун бюджет субсидиялари ажратиш орқали амалга оширилади.

Ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалиги суғурталовчиси сифатида Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси ташкил этилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида 25 ноябрь куни президентга тақдим қилинган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пахта ва ғалла ҳосилдорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинганди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йилги қишда 9 минг гектар боғ ва 4 минг гектар узумзорни совуқ урган. Оқибатда 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлган.

Президент аввалроқ бундай об-ҳаво шароитларида деҳқонлар зарарининг олдини олиш бўйича топшириқ берган. Шунга мувофиқ, хорижий мутахассислар билан бирга «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унинг қабул қилиниши деҳқон ва фермерларнинг иқтисодий ҳимоясини таъминлайди, дейилганди ўша хабарда.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров қишлоқ хўжалигида юқори хавф туфайли анъанавий суғурта тизими ишламаётганини таъкидлаганди.

«Жуда кўп хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги суғуртасини алоҳида қонун билан тартибга солади ва у давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Шу нуқтаи назардан, янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда биз Испания, Туркия, Озарбайжон, АҚШ, Канада каби мамлакатлар тажрибасини ўргандик», — деганди Аҳадбек Ҳайдаров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан кўриб чиқиб, қабул қилинган мажлисда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов жамғарма 37 та суғурта компанияси билан ишлашини, бунда товон пуллари жамғармадан қоплаб берилишини, агар идорада пул етишмаса, зарар давлат бюджети ҳисобидан қопланишини айтганди.

«Лойиҳада 2 йил ичида жамғарма пулларини ҳам халқаро суғурта ташкилотлари орқали қайта суғурталаш масалалари кўриб чиқилмоқда», — дея таъкидлаганди вазир.

Халқ демократик партияси аъзоси Анвархон Темиров вазирнинг маърузасидан сўнг унга бир қанча саволлар берган. Депутат, жумладан, суғурта мажбурий тартибда амалга оширилиши ёки йўқлиги ҳақида савол берган. Шунингдек, у маблағлар бюджетдан қопланган тақдирда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилганини сўраган.

«Тизим ишга туширилишидан олдин турли рисклар чуқур ўрганиб чиқилиши керак. Биз бу борада биринчи катта қадамни ташлаганмиз, яъни тизим рақамлаштирилган. Платформа алоқадор вазирликлар билан ҳам интеграция қилинади. Иккинчидан, жамғармада зарарни ўрганиш учун мустақил экспертлар жамоаси фаолият юритади», — дея жавоб берганди вазир бу саволларга.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *