Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси этиб қайта номланади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг бу тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, дейилади президент фармонида.

Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси бўлади.

Исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Бундан ташқари, академия қуйидагилар билан ҳам шуғулланади:

  • виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
  • диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;
  • талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;
  • мамлакатда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

Академия ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилайди.

Қўмита билан келишган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда ўрнатади.