Президент коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Фармонга кўра, 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий этилади:
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» ҳамда «Ўзсувтаъминот»нинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланади;
- эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари бевосита агентликка бўйсунади;
- эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш агентлик ҳамда эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади.
Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, уларнинг ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказиш ҳамда малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
2025 йил 1 июлгача «E-anticor.uz»да ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестрини юритиш, ҳисоботни электрон тақдим этиш, аноним сўровномалар ўтказиб эълон қилиш имконини берувчи электрон модуль ишга туширилади.
Аввалроқ Антикоррупция қўмитаси Ўзбекистондаги 102 та давлат органида коррупцияга қарши кураш самарадорлиги рейтингини эълон қилганди. 2024 йил учун ўртача балл 4,9 баллга яхшиланди. Қониқарсиз баҳо олган ташкилот раҳбарлари ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига ҳисобот беради.