Рим папаси Франциск вафот этгач, 21 апрель куни Ватикан унинг васиятномасини эълон қилди. У қабр «ерда, оддийгина, ягона ёзув билан: Франциск» бўлишини сўраган.
Васиятнома 2022 йил 29 июнь санаси билан белгиланган. Унда Рим папасининг уни дафн этиш жойи ҳақидаги сўнгги истаклари ифодаланган.
Франциск ўзининг Авлиё Мария-Мажор черковида дафн этишни сўрайди. «Ердаги ҳаётимнинг сўнгги дамларига яқинлашаётганини ҳис қилиб, абадий ҳаётга бўлган мустаҳкам ишонч билан, фақатгина дафн этиладиган жойим ҳақидаги сўнгги истагимни баён этмоқчиман. Мен қабримни Базиликадаги Полина ва Сфорза ибодатхоналари оралиғидаги ён йўлакнинг дафн токчасида тайёрлашингизни сўрайман. Қабр ерда бўлиши керак; оддий, махсус безакларсиз, фақат битта ёзув билан: Франциск», — дейилади васиятномада.
Дафн этиш харажатлари хайриячи томонидан тақдим этилган ва Франциск томонидан базиликага олдиндан ўтказилган маблағ ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, Ватикан соғлиқни сақлаш ва гигиена бошқармаси директори, доктор Андреа Арканжели Рим папаси Францискнинг ўлими ҳақидаги расмий тиббий ҳисоботни эълон қилди, у электрокардиографик танатография орқали тасдиқланган.
Францискнинг ўлимига инсульт, сўнгра кома ва ўнгланмайдиган юрак-қон томир коллапси сабаб бўлгани аниқланган, дейилади хабарда.
Тиббий маълумотларга кўра, Рим папаси илгари мультимикробли икки томонлама пневмония, кўплаб бронхоэктазлар, юқори қон босими ва иккинчи тоифа диабет туфайли юзага келган ўткир нафас етишмовчилиги билан оғриган.
Аввалроқ Ўзбекистон президенти папа Францискнинг вафоти муносабати билан Рим-католик черкови камерленгоси кардинал Кевин Фарреллга ҳамдардлик йўллаганди.