12 апрель куни Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаев вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиевдан ҳудуддаги ноқонуний радарларни олиб ташлашни сўраб, хат йўллади. Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган камераларнинг «жарима ёзиши» норозилик кайфияти ортишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
«Жамоатчилик, ёшлар томонидан аҳоли вакиллари билан ўтказилган учрашувлар ва муҳокама йиғилишларида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари томонидан жарималарнинг қўлланишидан норозилик кайфиятлар ортиб бориши, айниқса ижтимоий тармоқларда мамлакатда олиб борилаётган бошқарувга нисбатан салбий фикрлар билдирилишига сабаб бўлмоқда», — дейилади хатда.
Бундан ташқари, шаҳар ҳокимининг хатида бино-иншоотларнинг том қисмлари, шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги ёритиш таянчларига белгиланган меъёрларга зид равишда ўрнатилган фоторадарлар томонидан жарималарнинг қўлланиши оқибатида Наманган шаҳри фуқароларига моддий ва маънавий зарар келтирилаётгани таъкидланган.
Хат якунида Отахўжаев Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманларида Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид равишда ўрнатилган камераларни КААТ тизимидан ўчириш ҳамда улар томонидан қайд этилган қоидабузарликларга жарималар қўллаш ишларини тўхтатиш сўралган.
ЙҲХБ жавоби
Шундан сўнг Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Мансур Газиев Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг ноқонуний радарлар ҳақидаги хатига жавоб қайтарди. Хатда Газиев қурилмалар қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан чора кўриш ҳамда автомобиль йўлларида тартибли ҳаракатни таъминлаш орқали инсон хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтиришга хизмат қилаётганини қайд этган.
Бундан ташқари, Газиев ўз хатида Наманган шаҳри, Давлатобод ҳамда Янги Наманган туманлари ҳокимликларининг хизмат машиналари жами 134 маротаба қоида бузганини эслатиб ўтган.
Жумладан, Наманган шаҳри ҳокимлиги тасарруфидаги 50 020 DAV давлат рақам белгили Captiva машинаси 2024 йил ва 2025 йилда жами 47 та қоидабузарлик содир этган, 11 та ҳолатда 8 млн 170 минг сўм сўм муддати ўтган тўланмаган жарималар борлигини маълум қилган. Ҳокимликнинг бошқа 4 та транспорт воситалари томонидан жами 41 та қоидабузарлик бўйича 18 млн 750 минг сўм, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги 6 та транспорт воситалари томонидан жами 46 та қоидабузарлик бўйича 16 млн 307 минг сўм миқдорда муддати ўтган тўланмаган жарималар мавжуд экани аниқланган.
Мансур Газиев жавоб хати сўнгида Наманган шаҳри ҳокими Анвар Отахўжаевдан Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимликлари тасарруфидаги машиналар томонидан содир этилаётган сурункали қоидабузарликларни танқидий муҳокама қилишини ҳамда муддати ўтган жарималарни ундиришда амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.