Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқарувининг собиқ раиси Анвар Жўраев ва яна 20 кишига оид апелляция шикояти бўйича суд жараёни бошланди. «Dunyouzbeklari.Com» мухбири жараённинг 18 апрель куни бўлиб ўтган иккинчи мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этди.
Соат 14:30 га белгиланган апелляция суди мажлиси орадан салкам бир соат ўтиб бошланди. Суд мажлиси очиқ ўтиши белгиланган бўлса-да, иш доирасидаги биринчи инстанция судида бўлгани сингари жараённи фото ва видеотасвирга олиш, диктофондан фойдаланишга рухсат берилмади. ОАВ вакиллари жараённи ёритиш учун фақат қоғоз ва ручкадан фойдаланиши мумкин бўлди.
Судланувчилардан уч нафарининг адвокати судга келмади. Мажлисга келмаган адвокатлардан икки нафари ўрнига бошқа икки адвокат онлайн қатнашди. Юзага келган ҳолат сабабли судья Мусо Юсупов раислигидаги судлов ҳайъати фақат иш бўйича адвокатлар келтирган апелляция шикоятларининг мазмунини тинглади.
Мажлис бошида иш доирасидаги асосий фигурант — Анвар Жўраевнинг адвокати суд ҳайъатига жараённи аудиога ёки видеотасвирга ёзиб олиш бўйича илтимоснома киритди. Адвокат бу илтимосномасини биринчи инстанция ҳукмининг баённомасига маълумотлар ноаниқ киритилгани билан изоҳлади.
Хусусан, баённомада суд жараёнида бўлмаган ҳолатлар қайд этилган, судда қатнашмаган шахслар исми гўё улар мажлисга келгандек ёзиб қўйилган. Судья Юсупов адвокатнинг илтимосини қаноатлантирди, лекин диктофон фақат суд мажлисида ишлатилиши, мажлисдан сўнг қурилмани олиб кетишга рухсат берилмаслигини маълум қилди. Аудиоёзув мосламаси суд ихтиёрида қоладиган бўлди. Журналистларга эса диктофон ишлатишга рухсат берилмади.
Суд раисига илтимосномаларни биринчи бўлиб биринчи инстанция суди ҳукмига кўра 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган Анвар Жўраевнинг адвокати киритди. У судлов ҳайъатига ҳукм бўйича асосий учта шикоятини баён қилди. Анвар Жўраев адвокатининг таъкидлашича, мижозига қўйилган айбловлар орасида унга алоқаси бўлмаган ҳолатлар бор.
Хусусан, ёнилғи сарфидаги камомадлар учун филиал раҳбарлари ва бухгалтерия масъул бўлиши керак. Шунингдек, «Тошавтотаъмирхизмат» мустақил ташкилот бўлгани ва унинг хўжалик фаолияти алоҳида юритилгани боис Жўраев «Тошшахартрансхизмат» раҳбари сифатида уларнинг молиявий ишларини назорат қилиш ваколатига эга бўлмаган. Бошқа эътирозлар эса захира эҳтиёт қисмларидаги камомад ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш масаласи билан боғлиқ бўлди.
«Тошшахартрансхизмат» собиқ раҳбарининг ўринбосари Абдужамил Азизовнинг (биринчи инстанция ҳукми билан 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган) адвокати эса янги сотиб олинган 1000 та автобус хариди бўйича қайта тергов ўтказишни илтимос қилди.
Судда «Тошавтотаъмирхизмат» омборининг 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ходими Ҳабибулла Музаффаровнинг ҳимоячиси ҳам вакили моддий жавобгар шахс бўлмаса-да, унга шу йўналишда айбловлар қўйилганидан норозилигини билдирди. Жараёнда яна бир судланувчининг адвокати билдирган илтимоснома ўқиб эшиттирилди. Тинглов бошқа давом этмади.
Суд мажлиси якунида прокурор Умар Файзиев суд ҳайъатидан протестни қаноатлантиришни сўради.
Судья Мусо Юсупов 8-автобус саройи моддий механиги Бахтиёр Шариповнинг адвокати судга келмагани сабаб мажлисни 25 апрель куни соат 14:00 га қолдиришга қарор қилди. Ҳимоячилар билан кейинги мажлисда қатнашмаган адвокат бўйича муносабат билдиришга, мажлисни ўз вақтида бошлашга келишилди.