8 май куни Андижон вилоятида Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилиши сабаб юзага келган сув тошқини оқибатида 100 га яқин хонадонга сув кирган, дея хабар қилди Ўзгидромет.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ушбу ҳодисани бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда, талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Ўрганиш ишлари бошланган. Ҳодиса жойига вилоят ҳокими келган.

сув сизиб чиқиши, сув тошқини, фарғона канали

Маълум қилинишича, техноген ҳодисага каналда қўшимча ГЭС қуриш мақсадида ортиқча сув ташлангани сабаб бўлган.

ФВВнинг аниқлик киритилишича, 30 хонадонни ичига, 70 та хонадонни томорқасига сув кирган.

Сув хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун Андижон сув омборидан сув чиқиши тўхтатилган. Ҳозирда каналда 30 м3/секунд сув қолган бўлиб, соат 14:00 гача тўлиқ тўхтатилади.

сув сизиб чиқиши, сув тошқини, фарғона канали

«Каналдаги ўтган сув Қуйи Жанубий Фарғона каналига йўналтирилмоқда. Ҳозирда аҳоли хонадонларига сув оқишини камайтириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Каналнинг дамбасини тиклаш бўйича штаб ташкил этилиб, раҳбар ходимлардан иборат доимий навбатчилик йўлга қўйилди. Фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун 10 та самосвал, 4 та кара, 2 та бульдозер, 8 та экскаватор ва 50 дан ортиқ ишчи-ходимлар жалб қилинган.