7 май куни Бойсун тоғларида бир неча туп Зарафшон арчалари кесиб ташлангани акс этган тасвирлар тарқалди. Бу ҳақда «Ekolog.uz» Telegram каналида «Бойсунда арчалар қирғини экотизимга таҳдид солмоқда» сарлаҳвали пост жойланди.
Унда Сурхондарё вилоятининг Бойсун давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидаги Кенгдала ўрмон бўлимида Зарафшон арчалари таг қисмидан кесилиб, Қашқадарё вилояти аҳолиси орасида сотилаётгани айтилади. Тасвирларда арчалар ҳали қуриб қолмагани, қор босиб қолди, дея ёлғондан кесиб ташлангани таъкидланади.
Фото: Telegram / Ekologuz
Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мазкур ҳуқуқбузарлик тўғрисида расмий муносабат билдирди.
«Ўрганиш жараёнида Бойсун давлат ўрмон хўжалигига қарашли Кенгдала ўрмон бўлимининг „Шаппа“, „Мовирли“, „Қора булоқ“, „Чоршанби“ ва „Ўрикли“ массивларида олиб борилган назорат тадбирлари давомида жами 53 туп турли диаметрдаги Зарафшон арчалари ноқонуний равишда кесилгани, 3 туп арчага эса ўсишдан тўхтайдиган даражада зарар етказилгани аниқланди» — дейилади муносабатда.
Маълум бўлишича, мазкур ҳуқуқбузарликлар бўйича ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан ваколат доирасида чора кўрилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарорига (14-илова) мувофиқ, ушбу ҳолат юзасидан ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробаридан (112,5 млн сўмдан) ортиқлиги сабаб тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Бу дарахтларни кесиб ташлаш билан боғлиқ Бойсундаги биринчи ҳолат эмас. 4 апрель куни Kun.uz эълон қилган хабарда Сурхондарёда 200 туп дарахт йўқ қилингани айтилади. Хусусан, вилоятдан ўтувчи 4Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг бир қисмида кўплаб арча дарахтлар қўпориб олингани ёки кесиб ташланганига доир тасвирлар тарқалган.
Kun.uz видеосидан скриншот
Бунга жавобан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Kun.uz’га Бойсундаги Дарбанд, Мустақиллик, Бибиширин, Газа, Шўрсой маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи 24 километрли автомобиль йўлидаги ўсувчанлигини йўқотмаган жами 946 туп мевали, манзарали дарахтлар ҳамда ёш кўчатларни кўчириб ўтқазиш белгиланганини маълум қилган.
Кўчириб ўтқазилган дарахтларнинг ўсувчанлигини сақлаб қолиш ва доимий парваришлаш ишларини олиб бориш «Сурхондарёйўлкўкалам» ДМ бошлиғига бириктирилган. Бироқ интернетда тарқалган тасвирлар бу ишлар қониқарсиз ва эътиборсизлик билан бажарилганини кўрсатади.