8 май куни Андижон вилояти Булоқбоши туманидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналида содир бўлган техноген ҳолатда аҳоли уй-жой ва томорқа хўжаликларига етказилган зарарлар компенсация қилиниши таъминланади. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, шу куни эрталаб Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бири ўпирилди ва оқибатда каналдан ён-атрофга сув тошиб чиқди, 100 га яқин хонадонга сув сизиб кирди. Маълум қилинишича, техноген ҳодисага каналда қўшимча ГЭС қуриш мақсадида ортиқча сув ташлангани сабаб бўлган.

«Ўзбекгидроэнерго»нинг таъкидлашича, каналда ГЭС қуриш лойиҳасининг қуввати 6,9 МВт бўлиб, Россиянинг «Энергосила» компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари доирасида ГЭС қуриш ишларини ташкил этиш ҳамда вегетация даврида қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш мақсадида сув тўсиш иншооти қурилиб, сув сарфи вақтинча айланма канал орқали қуйи қисмига йўналтирилган.

Айланма каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 60 метр кубга мўлжалланган бўлса-да, амалда сув сарфи миқдори 70 метр куб келгани сабабли канал ўнг қирғоғини ювиб кетган.

Ҳозирда Жанубий Фарғона каналида юз берган техноген ҳолатни бартараф этиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, таъмирлаш-тиклаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Улар 9 май куни соат 14:00 га қадар тўлиқ бартараф этилади, одатий иш режими тикланади, қайд этилади хабарда.