Апрель ойи охирида Тошкентда бир гуруҳ экспертлар — онкологлар, таҳлилчилар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва стратегик марказлар вакиллари саратонга қарши курашиш бўйича 2025−2035 йилларга мўлжалланган миллий стратегиянинг дастлабки версиясини келишиб, Ҳаракатлар режасини шакллантиришга старт берди. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Миллий стратегия устида олиб борилаётган ишлар «Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматларни ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ одам саратон касаллиги билан яшайди. Ҳар йили 20 мингдан ортиқ янги ҳолатлар аниқланади.
«Уларнинг кўпчилиги эрта аниқланиб, ўз вақтида даволанса, саратоннинг олдини олиш ёки ундан бутунлай соғайиб кетиш мумкин. Аммо тизимли ёндашувсиз бунинг иложи йўқ. Шунинг учун келажак режасидаги ҳар бир мақсад, ҳар бир ҳаракат: асбоб-ускуналар ва кадрлардан тортиб, маданий тўсиқлар ва аҳолининг ишончигача муҳокама қилинди», — дея қайд этди БМТ ваколатхонаси.
«Мақсад шунчаки статистикани пасайтириш эмас. Мақсад — инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш», — дея таъкидлади халқаро ташкилот.
Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан эндиликда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади. Ҳужжатга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30−65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади.