• Пт. Май 16th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда 9 ёшли қизни уриб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 4 йилга қамалди



2024 йилнинг 19 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманида BYD автомобили 9 ёшли қизни уриб юборган эди. Ҳодиса оқибатида қиз шифохонада вафот этганди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилганди.

Millar дастурининг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судида иш кўриб чиқилган.

Суд ҳайдовчи, 1983 йилда туғилган М.А.ни 2 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

2024 йил ноябрда «Dunyouzbeklari.Com» вафот этган қизнинг онаси билан суҳбатлашганди.

«YouTube’дан, Googleʼдан кўрдим — бундай қилмишни содир этганларга арзимас жазо бериб қўйишаркан. Тўғри, ҳеч ким кўчага одам ураман, деб чиқмайди, қасддан қилмайди, лекин айбдорга бунақа кам жазо муддати берилгандан кейин ҳайдовчилар ҳам кўчаларда хоҳлаган тезлигида юраверади, бировнинг жигарбандини уриб кетаверади-да», — деганди йиғлаб қизнинг онаси.

«Тепадагиларга Худо инсоф берсин. Бундай автоҳалокат бир менинг болам билан бўлди, олиб бориб қамамади, деёлмайман. Бошқаларнинг боласида ҳам аҳвол шу. Бекат йўқ, пиёдалар ўтиш йўли йўқ, қонуннинг устида турганлар бефарқ. Бировнинг боласи ўлиб кетади, улар бўлса ҳаммаси бемалол юраверади. Ҳеч ким Аллоҳнинг жазосидан қочолмайди. Майли, бу дунёда ўйнаб, яшаб қолар, пули бордир, бошқаси бордир. Лекин охиратда жазосини олади. Охиратга, Аллоҳга топширдим. Буларнинг адолатига ҳам, қонунига ҳам ишонмай қўйдим», — деган эди суҳбатда марҳума қизнинг онаси.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *