Минтақавий авиаташувларни ва ички туризмни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.

Ҳужжатга кўра, авиачипталар нархлари ҳамда субсидияланадиган авиақатнов йўналишларини субсидиялаш миқдорини белгилаш бўйича махсус комиссия таркиби қайта тасдиқланди.

Шунингдек, маҳаллий йўналишлардаги авиақатновларга Uzbekistan Airways учун белгиланган махсус тарифлар ва субсидия миқдорларини барча резидент авиакомпанияларга татбиқ этишга розилик берилди.

Шу муносабат билан барча резидент авиакомпаниялар махсус комиссия томонидан белгиланган маҳаллий йўналишлар ва тарифлар доирасида авиачипта сотишни йўлга қўйиш ҳамда ҳар ой якуни бўйича Транспорт вазирлигига субсидиялаш учун аризалар киритиши мумкин.

Маълумот учун: Маҳаллий авиақатновларни субсидиялаш 2021 йил 1 июндан бошлаб йўлга қўйилган ва 2026 йил 1 январгача давом этади. Президентнинг 2022 йил октябрдаги қарорига кўра, маҳаллий авиакомпанияларга ички туризм йўналишларидаги авиақатновлар учун авиа чипта нархининг 25 фоизи миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг резидент авиакомпаниялари 2028 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб кириладиган, ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, техник ҳужжатлар ва дастурий таъминот учун божхона тўловларини тўлашдан озод қилинади.