• Вс. Июн 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Камбағал оилаларнинг аълочи талаба қизларига махсус стипендия тўланади


Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги оилалар учун белгиланган имтиёзлар Камбағал оилалар реестридаги оилаларга ҳам татбиқ этилади. Бу президентнинг камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашни такомиллаштиришга оид фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, қонунчиликда ИҲЯР бўйича белгиланган имтиёзлар 2026 йил 1 январдан фақат Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга кўрсатилади.

Эслатиб ўтамиз, шу фармонга мувофиқ, 2025 йил 15 майдан бошлаб Камбағал оилалар реестридаги ва унга тушиш хавфи бор оилалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга бўлинмоқда. Давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ушбу тоифаларга қараб белгиланади.

Давлат хизматларидан фойдаланиш учун бож, йиғим ва бошқа тўловларни тўлашда «сариқ» тоифага киритилган оилаларга 50 фоиз, «қизил» тоифага киритилган оилаларга эса 75 фоиз миқдорида чегирмалар қўлланади.

Камбағал оилалар «қизил» ёки «сариқ» тоифадан «яшил» тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги 12 ой муддатга сақлаб қолинади. «Қизил» тоифага киритилган оилаларга белгиланган пассив даромад келтирувчи қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.

Ушбу реестрга киритилган оилалар аъзоларига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар оилалар камбағал деб эътироф этилгани тўғрисидаги маълумотлар ёки шахснинг камбағал деб эътироф этилган оиланинг аъзоси экани ҳақидаги маълумотнома асосида кўрсатилади.

Фармонга кўра, шунингдек, 2025 йил 1 июндан «қизил» тоифага киритилган оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқиган талаба қизларига базавий стипендиянинг 2 баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади.

2025 йил 1 сентябрдан умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод этилади.

2026 йил 1 январдан камбағал оилаларнинг «аъло» баҳоларга ўқийдиган фарзандларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги оромгоҳларда дам олиши ва соғломлаштирилиши харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Камбағал оилалар реестри ва Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатилишини мувофиқлаштирувчи давлат органи ҳисобланади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *