Янги Рим папаси Лео XIV сайланганидан кейинги биринчи якшанба кунги нутқида жаҳон кучларини қуролли можароларни тугатишга чақирди, дея хабар бермоқда Reuters ва Associated Press.
«Ортиқ уруш бўлмасин!», — деди Рим папаси Ватикандаги Авлиё Пётр майдонидаги диндорларга қарата.
Понтифик «севимли Украина халқининг азоб-уқубатларини» юрагида сақлашини айтди ва «имкон қадар тезроқ ҳақиқий, адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш учун барчасини қилишга» чақирди.
Рим папаси, шунингдек, Ғазодаги урушдан «чуқур қайғуда» эканини айтиб, зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, «чарчаган тинч аҳоли»га гуманитар ёрдам кўрсатиш ва ҲАМАС жангари гуруҳи қўлида ушлаб турилган гаровга олинганларни озод қилишга чақирди.
Понтифик Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сулҳ ҳақида эшитганидан хурсанд эканини қўшимча қилди ва ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги музокаралар мустаҳкам келишувга эришишига умид билдирди.
«Дунёда яна бошқа жуда кўп можаролар бор!» — эслади Рим папаси.
Понтификнинг биринчи мурожаатини тинглаш учун 100 мингга яқин одам келди, дея қайд этади AP.
Чикаголик Роберт Фрэнсис Прево 9 май куни 267-папа этиб сайланганди. У Лео XIV номини олди.
69 ёшли Прево Рим-католик черковини бошқарадиган биринчи америкалик бўлди. У 2023 йилда кардинал даражасига кўтарилгунга қадар ўнлаб йиллар давомида Перуда миссионер бўлиб хизмат қилган.
Католик черковининг собиқ раҳбари Франциск 21 апрель куни 88 ёшида инсультдан вафот этганди. Унинг дафн маросими 26 апрель куни бўлиб ўтган.