Марказий банк сўровномаси натижаларига кўра, апрель ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси мартдагига нисбатан бироз ошиб, 14,4 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида сезилган инфляция даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида, энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида кузатилди.
Ўтган ойлар давомида аҳоли энг кўп гўшт, сут, электр ва табиий газ нархи ошганини сезди. Шунингдек, апрель ойида электр ва табиий газ (+1 фоиз), бензин ва ёқилғи (+1), мева-сабзавотлар (+1), ўсимлик ёғи (+2), дорилар (+1), қурилиш моллари (+2), кафе-ресторан хизматлари (+2), тиббий хизматлар (+1), ижара ҳаққи (+1), таълим хизматлари (+1), шакар ва қандолат (+1), таъмирлаш (+1), маиший хизматлар (+1) нархида юқори ўсиш кузатилганини қайд этган респондентлар улуши кўпайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 майдан Ўзбекистонда газ ва электр энергияси учун янги тарифлар кучга кирганди. Шу санадан бошлаб электр энергияси учун базавий тариф (ойига 200 кВт/соат доирасида) 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун эса 650 сўмдан 1000 сўмгача (+53,8 фоиз) ошди.
Гўшт ва сут (-3), йўлкира ва ташиш хизматлари (-1), кийим ва пойабзал (-1), тухум нархида (-3) юқори ўсиш кузатилганини қайд этганлар улуши мартдагига нисбатан камайди. Гуруч ҳамда нон ва ун бўйича мазкур кўрсаткич ўзгаришсиз қолди.
Даромади мавжуд бўлмаган ва 5 млн сўмдан юқори бўлган аҳолининг сезилган инфляция даражаси ўртача кўрсаткичдан (14,4 фоиз) юқори шаклланди.
Соҳалар кесимида энг юқори сезилган инфляция даражасини қурилиш соҳаси вакиллари белгилаган бўлса, энг паст кўрсаткични умумий овқатланиш соҳаси вакиллари қайд этди.